Россияга КХДРдан 36 мингдан ортиқ ишчи олиб борилди

Россияга КХДРдан 36 мингдан ортиқ ишчи олиб борилди

Россия ҳукумати 2025 йилда Шимолий Корея (КХДР) фуқароларига 36 413 та виза берган. Бу ўтган йилдаги кўрсаткичдан (9 239) деярли тўрт баравар кўп. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги консуллик департаменти маълумотларига таяниб, “Ведомости” хабар берди.


Қайд этилишича, визаларнинг аксарият қисми – 35 849 таси таълим мақсадлари учун берилган. Бошқа тоифалар орасида: 266 та гуманитар, 72 та туристик, 47 та ишбилармонлик, 6 та шахсий ва 33 та хизмат визалари мавжуд.

Таълим визалари сонининг кескин ўсиши Россияга Шимолий Кореядан “меҳнат амалиёти ўтаётган талабалар” ниқоби остида ишчи кучи олиб борилаётгани билан боғлиқ. Бу ҳақда “The Insider” суриштирувида сўз боради. Бундай схема Шимолий Корея ишчиларини ёллашни тақиқловчи БМТ санкцияларини четлаб ўтиш имконини беради. Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, 2025 йил май ойига келиб Россияда КХДРдан 15 мингга яқин меҳнат мигранти бўлган. Уларнинг салмоқли қисми Узоқ Шарқда ишлаган. Шунингдек, Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу Пхеньян Курск вилоятини тиклаш учун 6 мингга яқин киши (5 минг ҳарбий қурувчи ва минг нафар сапёр) юборишини айтган эди.

Бунгача “Global Rights Compliance” инсон ҳуқуқлари ташкилоти маърузасида Россия қурилишларига юборилган шимолий кореяликлар кунига 16 соатдан деярли дам олишсиз ишлаши, антисанитария шароитида яшаши ва барча солиқлардан сўнг қўлига ойига тахминан 10 доллар олиши айтилган эди. Тадқиқотчилар суҳбатлашган 20 дан ортиқ шимолий кореялик доимий кузатув остида эканликларини ва ўз даромадларини тасарруф этиш имкониятидан амалда маҳрум эканликларини билдирган. Улар ҳар ой ўз давлатига 700 доллар бериши керак, агар тўлов тўлиқ бўлмаса, қолган сумма кейинги ойга ўтказилади.

Россиядаги кўплаб шимолий кореяликлар айнан ким учун ишлаётганини билмайди. Улар етиб келиши билан паспортлари олиб қўйилади ва КХДР махсус хизматлари ходимларига топширилади. Шу билан бирга, уларнинг жароҳатлари ва касалликлари бошлиқлар томонидан эътиборсиз қолдирилади. 

“Биз чорвадан ҳам ёмонроқ яшаймиз”, деган қурувчилардан бири.

Маълумот учун, КХДР ўз фуқароларини давлат меҳнат дастури бўйича жами 40 та давлатга юборади. Бу Пхеньянга ҳар йили 500 миллион доллар даромад келтиради. Шимолий Корея дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан биридир. Мамлакатнинг реал ЯИМ ҳажми тахминан 26,7 миллиард доллар, аҳоли жон бошига ЯИМ эса 1,1 минг доллар атрофида баҳоланади. Оддий аҳолининг даромад даражаси Жанубий Корея аҳолиси даромадининг атиги 3-4 фоизини ташкил этади.


Теглар:
×