Мўғулистондан 100 минг бош майда шохли моллар олиб келинади

Мўғулистондан 100 минг бош майда шохли моллар олиб келинади

Мўғулистондан Ўзбекистонга 100 минг бош майда шохли моллар олиб келинади ва маҳаллий шароитда наслчилик-селекция ишлари ёрдамида кўпайтириш орқали уларнинг сони 2029 йил якунига қадар 1 млн бошга етказилади. Бу бугун, 18 июль куни қабул қилинган “Мўғулистонга олий даражадаги ташриф давомида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида 2025-2026 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг асосий кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • (а) Мўғулистондан Ўзбекистонга 100 минг бош майда шохли молларни олиб келиш ва уларни маҳаллий шароитда наслчилик-селекция ишлари ёрдамида кўпайтириш орқали уларнинг сонини 2029 йил якунига қадар 1 млн бошга етказиш;
  • (б) босқичма-босқич жун ва кашемирни қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
  • (в) мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларининг Мўғулистонга экспорт ҳажмини ҳар йили ошириб бориб, 10 баробарга кўпайтириш чораларини кўриш;
  • (г) Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида тажриба алмашиш ва мутахассислар малакасини оширишни йўлга қўйиш.

Шунингдек, Мўғулистондан майда шохли молларни импорт қилиш давлат томонидан қўллаб-қувватланади. 2025 йил 1 августдан 2027 йил 31 декабрга қадар Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга импорт қилишда тадбиркорлик субъектларига ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилинади. Бунда ушбу кичик бандда назарда тутилган харажатлар учун талаб этиладиган маблағлар Давлат бюджети параметрларида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига чорвачилик хўжаликлари томонидан хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчки, она балиқ ва жўжаларни сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш учун ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади. Шу билан бирга, қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини фоизлар ҳисобланмаган ҳолда тўлов таъминотисиз кечиктириб тўлаш имконияти берилади.

Бундан ташқари, Марказий банк, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга импорт қилишда қуйидаги таклифларига розилик берилган:

  • (а) чорвачилик йўналишида жалб қилинган халқаро молия институтларининг кредит маблағларини тадбиркорлик субъектларига йиллик 10 фоиз ставкада (шундан 3 фоиз банк маржаси) 5 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан ажратиш. Бунда тижорат банкларининг мазкур кичик бандда назарда тутилган кредитларни имтиёзли шартларда ажратиш билан боғлиқ харажатлари Давлат бюджетига тўланадиган дивидендларини мос равишда камайтириш ҳисобига қопланади;
  • (б) тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредит маблағлари учун суғурта механизмидан фойдаланган ҳолда мол-мулк гаров таъминотини 50 фоизгача этиб белгилаш.

Шу билан бирга, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига (кейинги ўринларда – Ветеринария қўмитаси) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоят ҳокимларининг кафиллиги асосида бир ой муддатда қайтариш шарти билан Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига Мўғулистондан майда шохли молларни етказиб беришда молиявий кўмак кўрсатиш ҳуқуқи берилади.

Бухоро, Жиззах, Наманган, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимлари бир ҳафта муддатда майда шохли молларни парваришлаш учун озуқа ери, чорвачилик мажмуаси ва мутахассиси (ветеринар) мавжуд бўлган тадбиркорлар рўйхатини шакллантириб, Ветеринария қўмитасига тақдим этади.

Шунингдек, яйлов ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва уларни муҳофаза қилиш, қоракўлчилик, тери ва жун саноати соҳаларини янада ривожлантириш бўйича республика комиссияси қарорига асосан Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё яйлов хўжаликлари балансидаги ерлар Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга камида 1 000 бош импорт қилган тадбиркорлик субъектларига қуйидаги шартлар асосида тўғридан-тўғри ижарага берилади:

  • (а) наслчилик ва селекция ишларини ривожлантириш орқали импорт қилинган майда шохли молларнинг бош сонини кўпайтириб бориш;
  • (б) яйловларда озуқабоп ўсимлик турларидан бўлган изен, терескен, қуйровуқ, камфоросма, чўғон, эркак ўт, оқ (қора) саксовул экилишини ташкил қилиш.


×