Ўзбекистон фуқароларининг АҚШга виза олиши енгиллаштирилади

Ўзбекистон фуқароларининг АҚШга виза олиши енгиллаштирилади

Ўзбекистон Ҳукумати фуқароларининг Америка Қўшма Штатлари ҳудудига кириши бўйича виза талабларини енгиллаштириш устида ишлаши белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 15 май куни имзоланган “2025-2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида айтилган. 

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига 3 ой муддатда АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига 30 кунлик муддатга визасиз кириш режимини жорий қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Америка Қўшма Штатлари ҳудудига кириш учун виза талабларини енгиллаштириш юзасидан музокаралар бошлаш ва якуни бўйича таклиф киритиш белгиланган. 

Шунингдек, Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Озарбайжон фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудудига ички ҳужжат ёки ID-карта, шу жумладан, 16 ёшга тўлмаган фуқароларга “киндер паспорт” билан 30 кунгача кириш режими жорий қилинади. 

АҚШга бораётган ўзбеклар

Маълумот учун, Ўзбекистонликлар Green card лотореяси ютиш орқали АҚШда яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш бўйича дунёда етакчи учликка киради. Ҳар йили 5000 дан зиёд ўзбекистонлик ушбу ҳуқуқни қўлга киритади. Бошқа томондан Ўзбекистон АҚШга ноқонуний кириб борувчилар, айниқса, Мексика орқали яширин ва хавфли йўллар билан миграцияни амалга оширувчилар борасида ҳам пешқадам.

Трамп маъмурияти эса сайловолди режаларда ваъда қилинганидек, жорий йилнинг биринчи ярмида 1 миллионгача муҳожирни депортация қилмоқчи. Жорий йилнинг март ойи охиригача 100 мингдан ортиқ муҳожир чиқариб юборилган. Бир йил ичида 400 мингдан ортиқ депортация бўйича аввалги рекорд 2009 йилнинг январидан 2017 йилнинг январигача – 44-президент Барак Обама даврида ўрнатилган эди.

Депортация масаласида АҚШ аллақачон ўзбекистонликларни ҳам огоҳлантиришга улгурган. Апрель ойида бошида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник мурожаат билан чиқиб, АҚШда ноқонуний бўлиб турган минглаб ўзбекистонликларни ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга қайтишга чақирган эди, акс ҳолда улар АҚШда қамоққа олиниши ёки депортация қилиниши мумкин.


×