Январь–июль ойларида мамлакатга 983,7 миллион долларлик табиий газ импорт қилинди. Ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткич эса 201 миллион долларга тенг бўлган.
Статистика агентлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонга июль ойида 174,2 миллион долларлик газ импорт қилинди. Бу 2023 йил июлига нисбатан 174 баравар кўп. Яъни ўтган йилнинг июль ойида хориждан 1 миллион долларлик газ сотиб олинган.
Жорий йил январь–июль ойларида мамлакат жами 983,7 миллион долларлик табиий газ импорт қилган. 2023 йил мос даврида бу кўрсаткич 201 миллион долларни ташкил этган. Яъни газ импортига 7 ойлик харажат ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан қарийб 5 баравар кўпроқ.
Статистик рақамларга қараганда, жорий йилда Ўзбекистон газ импортига қуйидаги миқдорларда маблағ сарфланган:
- Январда — 35,6 миллион доллар;
- Февралда — 131,1 миллион доллар;
- Март — 193,6 миллион доллар;
- Апрель — 102,6 миллион доллар;
- Май — 108,4 миллион доллар;
- Июнь — 166,3 миллион доллар.
Ўзбекистон Россиядан газ импорти ҳажмини ошира бошлагач, жорий йилда газни хориждан сотиб олиш миқдори рекорд даражада ортиши мумкинлиги прогноз қилинганди. Ўтган 7 ойлик кўрсаткичларга кўра, бу прогноз тўғри бўлиб чиқди. Таққослаш учун, бутун 2023 йил давомида республика 694,9 миллион долларлик, 2022 йилда эса 281,9 миллион долларлик газ импорт қилганди.
Ўзбекистон 2023 йил 7 октябрдан Қозоғистон ҳудуди орқали “Марказий Осиё—Марказ” газ қувурида Россиядан газ сотиб олмоқда. UzGasTrade ва “Газпром экспорт” МЧЖ ўртасидаги икки йиллик шартномага кўра, республикага кунига 9 миллион куб метр ёки йилига қарийб 2,8 миллиард куб метр газ етказиб бериш кўзда тутилган. Масъуллар ҳозиргача газнинг импорт нархи ҳақида маълумот бермай келмоқда.
Мамлакатда газ импорти ўсаётганига қарамай, газ экспорти тўхтатилмаган. Ўтган ойда 91,7 миллион долларлик газ экспорти амалга оширилган. Бу 2023 йилнинг июлига нисбатан 1,3 баробарга кўп. Яъни ўтган йилнинг июль ойида 63,9 миллион долларлик газ экспорт қилинган.
2024 йил январь–июль ойларида республика жами 323,1 миллион долларлик газ экспортини амалга оширган. 2023 йилнинг мос даврида эса бу кўрсаткич 341,9 миллион долларни ташкил этган.
Тасодифий хабарлар
Француз аёллари гўзал бўлиш учун амал қиладиган 5 қоида
Атамбоевнинг мол-мулкига тақиқ қўйилди
Мирзиёев ва рафиқаси Сеулдаги миллий қабристонга борди
Бухорода 18 ёшли қизни фоҳишаликка мажбурлаганлар қўлга тушди
«Ўзбекнефтгаз» АИ-80 бензин нархи ошганини рад этди