Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳри ички ишлар бўлими тезкор штаб раҳбарига тегишли экани айтилаётган овозли топшириқ аудиоси тарқалди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов бу борада изоҳ берди.
Аудиода гапирган одам ўз қўл остидаги ходимларига ҳар бир бўлим 20 тадан соқолли фуқарони келтириб, расмга олиши, шунингдек соқолини олгандан сўнг ҳам расмга олиб, ёнига шахсий маълумотларини киритган ҳолда топшириши кераклиги айтилади.
Шунингдек, бу топшириқ Ички ишлар вазирлигидан келган «меҳмонлар» назоратида экани қўшимча қилинган.
«Ҳурматли ходимлар, «Соқол» тадбири бўйича ҳам… тезлаштириб қилиб берайлик. «Горотдел»дан сўраяпти, Ички ишлар вазирлигидан келган меҳмонлар буни назоратга олган.
Ҳар битта «ГОМ»га 20 тадан соқолли [фуқарони] аниқлаб, соқоли билан расмга олиб, кейин соқоли олдирилгани ҳолатини ҳам расмга олиб, олдига маълумотини ёзасизлар: қаерда яшайди, нечанчи йилда туғилган, ким у?
Худди шундай қилиб тезлаштириб қилиб беришимиз керак. Ҳар битта «ГОМ»га 20 тадан [режа] берилган, бизда ҳали биттаям бўлгани йўқ. Кечқурун сўров бўлади, эътироз бўляпти, бўла қолинглар!» – дейди буйруқ бераётган шахс.
Ҳолатга изоҳ берган Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов тизимда бундай амалиётлар ўтказилишини рад этди.
«Ички ишлар органларида бундай номланадиган тадбир умуман йўқ. Соқол қўйиш ёки қўймаслик ҳар фуқаронинг ўзига, эътиқодига боғлиқ. Бунга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
[Буйруқ берган] овоз масаласини биз кимга тегишли эканлигини ўрганиб кўрамиз, шунга қараб иш тутамиз», – деди вазирлик расмийси.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил август ойида Тошкент шаҳридаги «Малика» бозоридан ўнлаб фуқаролар ИИБ биносига олиб кетилиб, мажбуран соқоллари олинган эди. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқалгач, кенг жамоатчилик ва бутун дунё ОАВлари томонидан жиддий танқид қилинган.
2020 йил 30 январь куни бўлиб ўтган тадбирда Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, исломшунос Бахтиёр Бобожонов бу жуда ёмон ва шармандали иш бўлганини ва бу ишни қилганлар ўшандаёқ жазоланганини таъкидлаган эди.
Шунингдек, ўша тадбирда ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари ҳам «Малика» бозорида йигитларнинг соқолини мажбурий олганлар жазоланганини айтган.
manba: Kun.Uz
Тасодифий хабарлар
Хоинлар Россия жамиятидан йўқолиб кетади – Кремль
Турк компанияси Украинада “Bayraktar” дронларини таъмирлайди
Тезкор: Тошкентда меҳмонхона олдига бомба ўрнатилдими?
Путин Сталин изидан бормоқда – BILD
Коронавирусга чалинган аёл лифтдан фойдаланиб, 1 дақиқада 71 кишига вирус юқтирди