Қирғизистонда бир қатор сиёсатчилар президентлик сайловлари олдидан ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида миллатлараро низо келтириб чиқариш режаларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг бугун, 12 ноябрь куни мамлакат аҳолисига йўллаган мурожаатида сўз боради.
Жапаровнинг сўзларига кўра, айрим сиёсий кучлар оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш ва овоз бериш жараёнини издан чиқариш мақсадида миллатлараро адоватни қўзғатиш имкониятини муҳокама қилмоқда.
“Ҳозирча улар бу ҳақда шунчаки гапиришмоқда. Бироқ ушбу провокацион мақсадлар реалликка кўчиш эҳтимоли мавжуд”, дейилади мурожаатда.
Жапаров фуқароларнинг миллий туйғуларига тегадиган ёлғон миш-мишлар ва провокацион баёнотлар бундай тўқнашувларга баҳона бўлиши мумкинлигини қайд этган.
У 1990 ва 2010 йиллардаги миллатлараро тўқнашувлар оқибатида тинч аҳоли – ҳам қирғизлар, ҳам ўзбеклар ҳалок бўлган фожиали воқеаларни эслатиб ўтган.
Ўш воқеалари, Каримов ва Отунбаева. Ўзбеклар қирғини қандай рўй берганди?
Президентнинг фикрича, бундай низоларнинг ташкилотчилари ҳокимиятга интилади, асосий жабрланувчилар эса оддий фуқаролар бўлиб қолади.
Давлат раҳбари қирғизистонликларни миллатидан қатъи назар, провокацияларга учмасликка чақирган. У алоҳида равишда кекса авлод вакилларига мурожаат қилиб, 1990 ва 2010 йиллар воқеаларини бошдан кечирмаган ёшларга миллатлараро тўқнашувларнинг эҳтимолий оқибатларини тушунтиришни сўраган.
Шу билан бирга, Жапаров давлат оммавий тартибсизликларга тезкорлик билан чек қўйиш учун етарли кучларга эга эканини таъкидлаган.
“Агар тўсатдан низо келиб чиқса, давлатда уни бир-икки кун ичида бартараф этиш учун етарли куч ва имкониятлар мавжуд. Бироқ минг афсуски, бундай ҳолатда жабрланувчилар бўлиши муқаррар”, дейди у.
Жапаров тахмин қилинаётган провокацион режаларни алоҳида равишда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши билан боғлаган.
Унинг таъкидлашича, хайрихоҳ бўлмаган сиёсатчилар орасида ушбу транспорт йўлаги қурилиши якунланишидан хавотирланаётган шахслар бор.
Жапаров Хитой мавзуси атрофида жамоатчилик норозилигини келтириб чиқаришга қаратилган муваффақиятсиз уринишлардан сўнг, ушбу кучлар қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги зиддиятларни алангалатишга уриниши мумкинлигини тахмин қилган.
Президент тахмин қилинаётган ташкилотчиларнинг исмларини айтмаган. Мурожаатда провокацияларга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида аниқ далиллар ҳам келтирилмаган.
Қирғизистон раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ноқонуний фаолиятни аниқлаш учун етарли техник имкониятларга эга экани ҳақида огоҳлантирган. Хусусан, у бутун мамлакат бўйлаб ўрнатилган ўн минглаб видеокузатув камераларини тилга олган.
“Хатти-ҳаракатларингиз эътибордан четда қолади деб ўйламанг!” дея мурожаат қилган Президент провокацияларнинг тахминий ташкилотчиларига.
У, шунингдек, миллатлараро адоватни қўзғатишга алоқадор шахслар жавобгарликка тортилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Жапаров фуқароларни провокацион чиқишлар ва ҳаракатлар ҳақида зудлик билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ), ИИВ ҳудудий бўлинмаларига ёки маҳаллий ҳокимият органларига хабар беришга чақирган.
У Қирғизистонга тинчлик, барқарорлик ва барча этник гуруҳлар ўртасидаги тотувлик зарурлигини таъкидлаган.

Тасодифий хабарлар
Энергетика соҳасида сусткашликка йўл қўйган раҳбарларга чора кўрилади
Мижозини 20 марта пичоқлаб, жасадини каналга ташлаган банк ходимига ҳукм ўқилди
UFC президенти Конор Макгрегорга чемпионлик жангини ваъда қилди. У Ҳабиб билан жанг қилиши мумкин
Дам олиш кунлари қандай об-ҳаво кузатилади?
Ўзбекистон олимлари яратган коронавирусга қарши дори ССВга топширилди