Москвада теракт содир этилганига ҳам 6 кун бўлди. Теракт оқибатида камида 140 нафар одам ҳалок бўлган бўлса, 360 дан ортиқ киши турли даражада жароҳат олди. Россия ҳукумати эса ҳужумдан ўз сиёсий мақсадлари йўлида фойдаланишга уринмоқда. Бу террорнинг “кремлчилар томонидан атайлаб, маълум бир сценарий асосида уюштирилгани” ҳақидаги тахминларни кучайтириб боряпти. Гап шундаки, теракт оқибатида юзага келган вазиятдан расмий Москванинг манфаатлари бор. Хўш, бу манфаат нималардан иборат? Унинг оқибатлари Президент Владимир Путинга қандай фойда келтиради?
Умуман олганда, сўнгги ҳафталарда Россия ҳақидаги янгиликлар шубҳали тусда эди: Мухолифат етакчиси Алексей Навальнийнинг ўлими, президент сайлови ва Владимир Путиннинг Украинага қарши урушни давом эттиришдаги шафқатсиз талаби. Ғарб мамлакатлари россияликларни сайлов натижаларини тан олмасликка чақираётган бир пайтда содир этилган теракт Путин учун жуда қўл келди. Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, у бу қирғиндан “Украинадаги жиноятларини оқлаш йўлида” фойдаланяпти.
Украинадаги урушни жадаллаштириш
18 март куни Путин президентлик сайловида яна ғалаба қозонди ва сайловдан икки кун ўтибоқ қўл остидагиларга Украинадаги урушни жадаллаштириш талабини қўйди. Сиёсатшунослар бундай вазиятда аҳолида умумий душманга нисбатан нафратни ошириш ва урушга бўлган хайрихоҳликни кучайтириш кераклигини айтади. Сайловдан бир неча кун кейин теракт уюштирилди.
Ўзбекистондаги Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов теракт борасидаги шубҳаларини баён этар экан, шундай деб ёзди:
“Москвадаги даҳшатли теракт. Бу содир бўлиши ҳақида олдиндан огоҳлантирилган Россия Федерацияси махсус хизматларининг тўлиқ келишуви (ёки ҳамкорликдами?) билан (гарчи Путлер огоҳлантиришни "шантаж" деб атаган бўлса ҳам) бўлди. Улар нима қилишни аниқ биладиган ва ўлдириш, портлатиш борасида профессионаллар экани аниқ. Чунки улар жиноят жойидан қочишга ҳам муваффақ бўлди.
Ва кейин бу "профессионаллар" ақл бовар қилмайдиган нарсаларни қилишни бошлади. Улар жиноят содир бўлган жойдан ўзлари бироз аввал келган машинада кетишди. Қаёққа? Тўппа-тўғри "Украинага қочиш" учун назорат пунктлари билан тўлдирилган фронт чизиғига – Брянск вилоятига (Москвада шунчаки ётиш ўрнига – уларни у ерда қандай топиш мумкин?) Улар аҳмоқона биринчи йўл полициясидан қочиб кетади ва маълум бўлишича, улар "профессионаллар" эмас, балки тожикистонлик мусофирлар бўлиб чиқади. Уларни Telegram орқали ёллашган ва балки улар воқеа жойидан Украинага қочиб кетиш ҳақида кўрсатма олишган шекилли...”, дейди Юсупов.
Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ Россиядаги террор хуружлари хавфи ҳақида огоҳлантирганини рад этди. Унинг сўзларига кўра, Кремлга разведка маълумотлари берилмаган. Ҳозирда ғарбликлар билан ҳеч қандай алоқа йўқ.
Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов Россия разведка хизматлари "Крокус Сити Ҳолл" концерт залида содир бўлган теракт ҳақида олдиндан билганини айтмоқда.
“15 февралда Россия терактга тайёргарлик ҳақида билган. Бу маълумотлар гуруҳнинг Суриядаги разведка бўлими орқали ўтган. У ердан Москвага етган. Улар ғалати тарзда ҳаммаси кутилмаганда содир бўлди, деб эртак айтишмасин. Нега улар бунга рухсат беришганига бир нечта вариант бор. Биринчиси, уларнинг одати бўйича, ҳозирда бир нечта амалдорларни олиб ташлаш учун “тўсиқлар” бор. Яна бир эҳтимол, улар содир бўладиган воқеалар кўламини етарлича баҳоламаган. Улар бу кўпроқ маҳаллий бўлади, деб ўйлашди ва ҳамма нарсада Украинани айбламоқчи бўлишди”, дейди Буданов.
ИШИДнинг “Вилояти Хуросон” номли террорчилик гуруҳи қонли ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олиб, унинг даҳшатли тасвирларини эълон қилган бўлса-да, Кремль бунда Украинанинг қўли борлигига ишора қиляпти. Хусусан, Путин аввалига исбот-далилсиз террорчиларнинг қочиши учун Украина томонидан чиқиш йўлаги тайёрлаб қўйилганини таъкидлади. Душанба куни эса у жиноят “радикал исломчилар томонидан содир этилганини” айтди, лекин яна Украинага ишора қилиб, жиноятчилар Украинага қочиб кетишни режалаштирганини даъво қилди.
“Терактни ким амалга оширганини биламиз, бизни унинг буюртмачиси қизиқтиради”, деган Путин.
Унинг айтишича, Қўшма Штатлар турли каналлар орқали ўз иттифоқчиларини ва дунёнинг бошқа давлатларини Москвадаги терактда Киевнинг қўли йўқлигига ишонтиришга уринмоқда. У, шунингдек, разведка хизматлари жавоб бериши керак бўлган бир нечта саволларни санаб ўтди:
“Радикал исломчилар ҳақиқатан ҳам Россияга зарба беришдан манфаатдорми? Мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойида улар қандай қилиб теракт уюштиришди?”
Россия мухолифатининг Латвияда жойлашган “Медуза” ахборот сайтининг давлат оммавий ахборот воситалари ходимларига таяниб хабар беришича, Россия ахборот агентликларига ҳужумларда Украинанинг эҳтимолий алоқадорлигини таъкидлаш буюрилган.
“Аслида Россия элитаси ва Путинга яқин кўриладиган шахсларнинг ўзи ҳам Украинанинг “Крокус Сити Ҳолл” концерт залидаги терактга алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ, деб ҳисоблайди. Россия сиёсий ва бизнес элитасининг деярли ҳеч бири ҳужум ортида Украина турганига ишонмайди”, деб ёзди “Bloomberg” нашри Кремлга яқин манбаларига таяниб.
“Bloomberg” суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, Путин қатнашган учрашувларда расмийлар терактнинг Украина билан алоқаси йўқ деган фикрга келган. Бироқ Россия Президенти ҳали ҳам “фожиадан фойдаланиб, россияликларни Украина билан урушга жалб этиш ниятида”.
Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортниковнинг таъкидлашича, терактда Украинанинг қўли борлиги ҳақидаги маълумотни қидиришга киришган:
“Биз қўлга олган жиноятчилардан олинган бирламчи маълумотлар буни тасдиқлайди. Шунинг учун биз Украина томонининг иштирок этгани ҳақиқат ёки йўқлигини исботловчи маълумотни кўпроқ қидирамиз. Ҳар ҳолда, ҳозирча айнан шундай дейишга асос бор”, дейди Бортников.
Ўз навбатида, Россия хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев журналистларнинг “ИШИД ёки Украина?” саволига “Албатта, Украина” деб жавоб берган.
Украина Крокусдаги терактга алоқадорлигини рад этади. Президент Владимир Зеленский Путиннинг тахминлари ҳақида гапирар экан, Россия етакчисини “касал ва беадаб махлуқ” деб атади:
“Унинг ўзидан бошқа ҳамма одам террорчи, гарчи у йигирма йилдан буён террор билан озиқланаётган бўлса ҳам. У ва унинг махсус хизматлари террор учун катта намунадир”, дейди Украина раҳбари.
Мигрантлар муаммоси
Россия махсус кучлари Крокусдаги терактда гумонланган 4 нафар Тожикистон фуқаросини ҳибсга олди. Шунингдек, 2 нафар айбланувчи қўлга олиш чоғида вафот этган. Уларнинг барчаси калтакланган, бир нафари судга ногиронлар аравачасида олиб келинди. Баъзи сиёсатчиларнинг фикрига кўра, терактни тожикистонликлар қўли билан уюштирилишида ҳам маъно бор.
Гап шундаки, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 2022 йил 14 октябрь куни Останада ўтказилган “Марказий Осиё-Россия” саммитида Россия Президентидан Марказий Осиё республикаларига СССР вақтида бўлганидек муомала қилмасликни сўраган эди.
“Ҳа, биз кичик халқлармиз. Биз 100−200 млн эмасмиз. Бироқ биз севадиган тарихимиз бор. Бизни ҳурмат қилишларини истаймиз. Биз тиланчи эмасмиз. Бизнинг давлатимиз бой... Биз ҳар доим асосий стратегик ҳамкоримиз манфаатларини ҳурмат қилганмиз ва ҳурмат қиламиз. Бироқ биз ҳам ҳурмат қилишларини хоҳлаймиз… Нима, биз қандайдир бегонамизми? У ерда (Россияда) улар шунчаки пул топишмаяпти, балки ишлашяпти ҳам. Владимир Владимирович, бизнинг сиздан илтимосимиз шуки, Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан Совет Иттифоқи даврида бўлгани каби сиёсат юритилмасин. Ҳар бир давлатнинг ўз муаммоси, ҳар бир давлатнинг ўз масалалари, ҳар бир давлатнинг ўзига хос анъана ва одатлари бор. Олтин ўрталикни топиш керак, ҳар бир республика билан алоҳида ишлаш керак”, деган эди Имомали Раҳмон.
Теракт содир этилганидан унча кўп вақт ўтмай, жиноятда гумонланувчи тожикистонликлар қўлга олинганда Президент Раҳмон Путин билан телефон орқали мулоқот қилиб, унга ҳамдардлик билдирди ва террорчиларнинг миллати бўлмаслигини айтди.
Қўлга олинган тожикистонликларнинг суратлари ва тасвирлари эълон қилингач, жамоатчиликнинг каттагина қисми терактни улар уюштирганига ишонмади. Ижтимоий тармоқларда ёзилган минглаб изоҳларда бу орқали тожикистонликларга туҳмат қилинаётгани айтиляпти.
Журналист Шуҳрат Барлос ҳам Facebook саҳифасида “террористлар”нинг суратини жойлар экан, уларнинг айбдорлигига ишонмаслигини билдирган.
“Тўртта бечора тожикни уриб, қийнаб, қулоғини кесиб, ўзига едириш усули билан жиноятни “ўзим қилдим” деб тан олдириш, аслида, унчалик қийин иш эмас. Муҳими, куч ишлатар тизимдагилар учун “бу жиноий иш очилди” деган рапорт керак. Бу шунинг учун ишлатилган постановка экани, ақли ва ҳуши жойида одамга кўриниб турибди”, деб ёзади журналист.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда 2 миллиондан ортиқ Тожикистон фуқароси Россияда меҳнат қилади. Мигрантлар муаммоси эса “кремлчилар” учун доимо бошоғриқ бўлиб келган. Россиялик депутатлар, амалдорлар, умуман олганда, элита қатлами неча йилдирки марказий осиёлик ишчилардан ёзғириб келади.
Энди Кремль мигрантларга қарши бемалол рейдлар ўтказиши, уларни қамаши ва Россия фуқаролигини олмоқчи бўлган муҳожирларни “ўз ихтиёри билан” урушга юбориши мумкин. Москва мигрантларга виза режими жорий этишни режалаштирмоқда. Бир неча йил аввал худди шу таклифни билдирган Навальний “миллатчи”га чиқарилган эди, энди эса виза режимини жорий этиш учун уларда “етарлича асос” бор.
Бундан ташқари, Россиянинг Новгород вилоятида патент асосида ишлайдиган чет элликлар спиртли ичимликлар сотиши, автобус ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлаши тақиқланди. Иш берувчилар ушбу тоифадаги ходимларни 26 июнгача ишдан бўшатишлари керак. Илгари мигрантларга саноатнинг айрим тармоқларида ишлашини тақиқлаш Челябинск, Магадан, Калининград, Тула, Новосибирск, Тюмень ва Калуга вилоятларида, шунингдек, Ханти-Манси автоном округи – Югра ва Якутияда жорий қилинган эди.
Сохта сайлов мавзусини ёпиш
Россияда 15-17 март кунлари президентлик сайловлари бўлиб ўтди ва унда Путин 87 фоиздан ортиқ овоз тўплаб, ғолиб бўлди. Бу унинг бешинчи марта президент этиб сайланишидир. У мамлакатни 25 йилдан буён бошқариб келмоқда. Сўнгги йилларда унинг сиёсатига нисбатан норози кайфиятдаги одамлар сафи ҳам кенгайяпти. Айниқса, урушда талафот кўрган, яқинларини йўқотганлар сони ортар, мухолифатчи кучлар одамларни кўпроқ ўз ғояларига эргаштирар экан, жамоатчиликни манипуляция қилиш учун шунга ўхшаш воқеалар керак бўлиб қолади.
Алексей Навальний Россия шимолидаги қамоқхоналардан бирида шубҳали тарзда вафот этгач, унинг рафиқаси Юлия Навальная турмуш ўртоғининг ишларини давом эттиришини айтиб, Россия халқига мурожаат қилган эди:
“…Биз ҳар бир имкониятдан фойдаланишимиз, урушга, коррупцияга, ноҳақликка қарши курашишимиз керак. Ватанимизни ўзимизга қайтиб беришлари учун курашишимиз лозим... Курашинг ва таслим бўлманг. Мен қўрқмайман, сиз ҳам қўрқманг”, деган эди у.
У, шунингдек, Европа Иттифоқи кенгашига йўллаган мурожаатида Россиядаги президентлик сайловларини тан олмасликка чақирди. Навальнаянинг айтишича, асосий сиёсий рақибини ўлдирган Президент қонуний бўлиши мумкин эмас.
АҚШ, бир нечта Ғарб мамлакатлари, Япония Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида Россия уюштирган сохта сайловлар натижаларини ҳеч қачон тан олмаслигини айтди. Баъзи версияларга кўра, Крокус теракти сайлов натижаларидан норозилик митинглари кучайиб кетмаслиги учун омма эътиборини чалғитишга хизмат қилади.
Путиннинг обрўсини ошириш
1999 йилнинг сентябрида, Путин ҳали ҳам бош вазир бўлган пайтда Россиянинг кўплаб шаҳарларида қатор тураржой биноларида портлашлар содир этилди. Унда 307 нафар одам ҳалок бўлди. Москва айбни чечен бўлгинчиларига юклаган бўлса-да, баъзилар буни Россия хавфсизлик амалдорлари томонидан уюштирилган "сохта байроқ" операцияси деб тахмин қилади.
Британия суриштирувига кўра, ҳужумлар уюштирилгани ва Рязан “ФХХ фиаскоси” бўлганини даъво қилиб китоб ёзган собиқ КГБ зобити Александр Литвиненко кейинчалик Лондонда ФХХнинг икки собиқ агенти томонидан ўлдирилган.
1999 йил сентябрь ойида Москвадан 200 километр узоқликда жойлашган Рязан шаҳрида содир бўлган воқеа, айниқса, шубҳали эди. Кўп қаватли уйда яшовчи инсонлар ўзлари танимаган одамларнинг Москва давлат рақамида бўлган машинада келганини ва ертўласига сумка қўйиб кетганини пайқаб қолган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари сумкаларда кукунли модда ва таймер борлигини аниқлаган.
ОАВ хабарларига кўра, сумкаларда бошқа портлашларда ишлатилгани сингари гексоген бўлган. Кўпчилик буни Россия хавфсизлик хизмати портлашлар ортида тургани ва яна бир портлаш уюштирмоқчи бўлганининг исботи сифатида қабул қилган.
Ўша пайтдаги ФХХ бошлиғи, ҳозирда Путиннинг хавфсизлик бўйича бош маслаҳатчиси Николай Патрушев бу айбловларни рад этади:
“Бу машғулот эди. Шакар бор эди, портловчи модда йўқ эди. Бундай машқлар Рязандан ташқарида ҳам ўтказилади”, дейди у.
Қандай қилиб Путин бундан ўз манфаати учун фойдаланди? 1999 йилдаги портлашлар ўша пайтдаги Россия бош вазири Путинни ҳокимият чўққисига олиб чиқди. У чечен исёнчиларини айблагач, Москва 14 сентябрдан бошлаб Чеченистонни ўққа тутди ва минтақа билан иккинчи қонли уруш бошланди. "Уларни уйида йўқ қилишга" ваъда берган Путин ўзини кучли лидер сифатида кўрсатди. Чеченистон операцияси унинг машҳурлигини сезиларли даражада оширди ва 2000 йил 26 мартда Президент этиб сайланишига олиб келди.
Ҳужумга учраганлардан бири олган видеотасвирни таҳлил қилган мустақил медиа ташкилотлари концерт залида бир хилда кўк жемпер ва жинси шим кийган, русийзабон, “осиёлик” эмас, балки славян қиёфадаги эркакларни пайқаб қолди ва уларни ФХХ ходимлари деб тахмин қилмоқда.
Февраль ойидаги интервьюда америкалик журналист Такер Карлсоннинг “Шимолий оқим”ни ким портлатгани ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Путин ким бундан манфаатдор ва кимнинг Болтиқ денгизи тубида портлашни ташкил қилиш учун техник имкониятлари борлигини кўриб чиқиш кераклигини таъкидлаган эди. Агар Путиннинг назариясидан келиб чиқсак, Москвадаги терактда ҳам кимнинг кўпроқ техник имкониятларга эга экани ва ким бундан манфаатдорроқлигини кўриб чиқиш кифоя.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда машина сигналини сабабсиз босган ҳайдовчи жарима тўлайди
Наманганлик фуқарони Умра сафарига жўнатишни ваъда қилган фуқарога жиноий иш қўзғатилди
Дам олиш кунлари ҳаво бироз совуқ бўлади
Қашқадарёда ўз фарзандларини ўлдириш билан таҳдид қилган ота қамоққа олинди
Ўзбекистонда 4 млн тонна радиоактив чиқинди мавжудлиги маълум бўлди