​​ЯНГИ НАМАНГАН ТУМАНИГА ҲОКИМ ТАЙИНЛАНДИ

​​ЯНГИ НАМАНГАН ТУМАНИГА ҲОКИМ ТАЙИНЛАНДИ

Наманганда халқ депутатлари Янги Наманган тумани Кенгашининг навбатдан ташқари биринчи сессияси бўлиб ўтди.Сессия ишини Наманган шаҳар ҳокими Ғофуржон Жамолов олиб борди. Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиқди.Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий 18-19 февраль кунлари Наманганга ташрифи чоғида вилоят фаоллар билан ўтказилган йиғилишда кейинги йилларда Наманган шаҳри янги ер майдонлари қўшилгани, аҳоли сони мутассил ошиб бораётгани, вилоят марказида одамларнинг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида Наманган шаҳри таркибида янги туман ташкил этиш таклифини билдирган эди. Мазкур масала халқ депутатлари Наманган шаҳар ва вилоят Кенгашлари сессияларида кўриб чиқилиб, давлат раҳбарининг ташаббуси маъқулланди.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 24 апрелдаги “Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан янги туманга асос солинди.Янги ташкил этилган Янги Наманган тумани ҳудуди 8 минг 223 гектардан иборат бўлиб, туманнинг 24 та маҳалласида 146 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Янги туман ҳудудига 24 та маҳалла фуқаролари йиғини, 21 та умумтаълим мактаби, 40 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та оилавий поликлиника ва 12 та касалхона ўтказилмоқда.Янги Наманган туманининг саноат ва ишлаб чиқаришдаги ролини ошириш мақсадида истиқболда 16 та саноат корхонаси ҳамда 4 та кичик саноат зонаси фойдаланишга топшириш режалаштирилган. 245 миллиард сўмга тенг 62 та лойиҳани ишга тушиши билан 2 минг 600 та янги иш ўрни пайдо бўлади.Янги Наманган туманини ташкил этилиши муносабати билан алоҳида комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади.Сессияда ташкилий масала кўрилди. Жобир Шарифович Абдуллаев Янги Наманган тумани ҳокими этиб тайинланди.Жобир Абдуллаев 1984 йил 21 июнь куни Наманган шаҳрида таваллуд топган. Маълумоти олий, 2005 йилда Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган. Мутахассислиги муҳандис-қурувчи, муҳандис-электрик.Меҳнат фаолиятини 2008 йилда “Наманган ҳудудий электр тармоқлари” корхонасида ўта кучланишдан ҳимоя қилиш ва изоляцияни синаш хизмати электромонтёрлигидан бошлаган. У 2008-2020 йиллар давомида “Наманган ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси муҳандиси, етакчи муҳандиси, Наманган тумани электр таъминоти корхонаси бошлиғи, Наманган шаҳридаги “Истиқбол” электр таъминоти корхонаси бошлиғи, Наманган шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифаларида иш олиб борган.Жобир Абдуллаев 2020 йил 23 декабрдан буён Наманган вилояти ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари котибияти мудири лавозимида фаолият юритиб келаётганди.Жобир Абдуллаев Наманган шаҳар ҳокимининг 2021 йил 29 апрелдаги қарори билан Янги Наманган тумани ҳокими этиб тайинланди ва туман Кенгаши депутатлари томонидан лавозимига тасдиқланди.Шунингдек, сессияда янги ташкил этилган Янги Наманган тумани прокурори этиб Ҳабибулло Жакпаралиевич Исоқов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига Илҳомжон Иброҳимжонович Абдураҳмонов, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи этиб Шарифжон Юсуфалиевич Абдураҳимов тайинландилар.Янги Наманган туманининг ташкил этилиши одамларни рози қилиш йўлидаги навбатдаги дадил қадамлардан бири бўлиб, аҳоли турмуш даражаси юксалишига қулай шарт-шароитлар яратиш асносида бандликни таъминлаш, саноатни ривожлантириш, ва тадбиркорлик субъектлари сонини оширишга хизмат қилади.

×