Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар Жамғармаси (UNICEF) Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувлар оқибатида ҳалок бўлаётган, жабр кўраётган болаларнинг аҳволидан ташвишда эканини билдирди ва ҳар икки томонни сулҳ тузишга чақирди. Бу ҳақда Ташкилот ўзининг расмий саҳифасида баёнот берди.
Ташкилот келтирган статистикаларга кўра, сўнгги 18 кун ичида Ғазо секторида 2 минг 360 киши ҳалок бўлган, 5 минг 364 киши жароҳат олган. Бу ҳар куни 400 дан ортиқ болалар ҳалок бўлгани ёки яраланганини англатади. Исроилда ҳам урушдан жабр кўрган болалар бор. Жумладан, 30 дан ортиқ исроиллик болалар ҳаётдан кўз юмган, ўнлаб болалар эса Ғазо секторида асирликда қолмоқда. Шу 18 кунлик муддат Ғазо сектори ва Исроилда 2006 йилдан бери БМТ гувоҳи бўлган жанговар ҳаракатларнинг энг ҳалокатли авж олиши экани айтилди.
“Болаларни ўлдириш ёки майиб қилиш, уларни ўғирлаш, шифохоналар ва мактабларга ҳужум қилиш, инсонпарварлик ёрдамини рад этиш болалар ҳуқуқларининг жиддий бузилишидир. UNICEF зудлик билан барча томонларни ўт очишни тўхтатишга, инсонпарварлик ёрдамига рухсат беришга ва барча гаровга олинганларни озод қилишга чақиради. Ҳатто урушларнинг ҳам қоидалари бор. Тинч аҳолини, айниқса болаларни ҳимоя қилиш керак”, дейди UNICEF`нинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича минтақавий директори Адель Ходр.
Шунингдек, Ғарбий Соҳилда ҳам қурбонлар сонининг хавотирли ортиши кузатилмоқда. Маълумотларга кўра, юзга яқин фаластинликлар, жумладан, 28 нафар бола ҳалок бўлган ва камида 160 нафар бола жароҳат олган.
“Ғазо секторидаги вазият бизнинг жамоавий виждонимиздаги доғ бўлмоқда. Болаларнинг ўлими ва жароҳати даражаси ҳайратланарли. Бундан ҳам қўрқинчлиси шундаки, агар инсонпарварлик ёрдами, жумладан озиқ-овқат, сув, тиббий буюмлар ва ёқилғи етказиб беришга рухсат берилмаса, ҳар куни қурбонлар сони ортиб бораверади”, дейди Ходр.
Ташкилотга кўра, шифохоналарда туғилган чақалоқларнинг яшаб қолиши учун электр токи зарур. Бундан ташқари, Ғазо секторининг қарийб 2,3 миллион кишидан иборат бўлган бутун аҳолиси оғир ва кескин сув танқислигига дуч келган. Бу ерда аҳолининг қарийб 50 фоизини болалар ташкил этади. Шунингдек, ярадорлар сонининг кўплиги ҳам дори-дармонга бўлган эҳтиёжнинг қай даражада катта эканини кўрсатади.
“Вайроналар остидан оғир аҳволда қутқариб олинган ва шифохоналарда даволанишни кутаётган болаларнинг титраётгани тасвирлари улар бошдан кечираётган улкан даҳшатни акс эттиради. Аммо инсонпарварлик ёрдамисиз, ҳужумлар оқибатида ўлганларнинг сони айсбергнинг учигина бўлиши мумкин. Агар инкубаторлар ишламай қолса, шифохоналар қоронғи бўлса, болалар хавфли сув ичишда давом этса ва улар касал бўлиб қолганда дори-дармонлардан фойдаланишнинг имкони бўлмаса, ўлим сони кескин ошади”, дейди UNICEF вакили.
Тасодифий хабарлар
Эрон Президенти электр энергияси таъминотидаги узилишлар учун аҳолидан узр сўради
“Обод марказ” дастури Наманган туманини замонавий шаҳарга айлантирди.
ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ЭЪТИБОРДА
Ўзбекистон AРМИ-2021да кучли учликка кирди
Коронавирусни 4 кунда даволайдиган дори топилгани ростми?