Блогерларнинг даври келди, деган гапларни кўп эшитамиз. Албатта, очиқлик сиёсати бугун блогерлик фаолиятининг ривожида муҳим ўрин тутмоқда. Халқимизни қийнаётган муаммолар ижтимоий тармоқлар ва матбуотда кенг ёритиляпти, блогерлар дадил ўз сўзини айта олмоқда. Ижтимоий тармоқдаги ҳар бир фаол одам блогер. Афсуски, орамиздаги баъзи бир инсонлар «блогер» деган ном остида жамиятдаги белгиланган қоидаларни бузишга ҳаракат қиляпти.
Марғилон шаҳрилик Камронбек Жўрабоев 25 ёшда. Ҳали ҳаётнинг аччиқ чучугини тотиб кўрмаган бу йигит карантин чекловлари жорий этилган вақтда белгиланган қоидаларга амал қилгиси келмаганга ўхшайди. Қўлида уяли телефони бор, блогерман деса ҳаммаёқ унга очиқ бўладигандек туюлди.
У жорий йил 17 июль куни соат 11:00ларда Марғилон шаҳар ҳудудига кириш учун ташкил этилган карантин блок постига Қўштепа тумани йўналишидан «Кобальт» русумли автомашинани бошқариб келган. Ниқоб тақиш қоидаларини бузиб, махсус рухсатномаси мавжуд бўлмагани ҳолда блок постидан ўтмоқчи бўлганида бу ерга бириктирилган ИИБ ходимлари томонидан К.Жўрабоевга кундузги соат 10:00 дан 17:00 га қадар махсус рухсатномаси мавжуд бўлмаган автомашиналар ҳаракати чекланганлиги тушунтирилиб, автомашинани йўлнинг қатнов қисмидан четга олиши сўралади. У ички ишлар ходимларининг ушбу қонуний талабларини бажармай, бошқарувидаги автомашинани «Бахрин» блок постининг кириш қисмига кўндаланг ҳолда қўйиб олади.
Камронбек баланд овозда ўзини блогер эканлигини, махсус рухсатномаси борлигини айтиб, жараённи телефони орқали видеоёзувга олиб, интернет тармоқларига чиқариб юборишини билдиради. Жамоат тартибини қасддан менсимасдан бақир-чақир қилиб, фуқароларнинг осойишталигини бузган ҳамда ўзининг ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини давом эттириб, ушбу видео ва аудио ёзувларни қонунга хилоф равишда YouTube ижтимоий тармоғида тарқатиб юборган.
К.Жўрабоев бошқарувидаги «Кобальт» русумли автомашинанинг орқа ўриндиғида бўлган онаси Л. Мирзааҳмедова фарзандини тўғри йўлга солиш ўрнига бу ерда бақир-чақир кўтариб, ички ишлар ходимларини турли хил уятли сўзлар билан ҳақорат қилган. Уларнинг қонуний талабларни узрли сабабларсиз бажармаган.
Марғилон шаҳар маъмурий суди томонидан мазкур ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилди. Блок постда жазаваси қўзиб, «блогерман» деган ҳуқуқбузар «шундай десам, блок постдан ўтиб кетаман деб ўйладим» дея маълум қилди. Аммо ҳаракатланиш учун ҳеч қандай стикер ёки рухсатномани тақдим эта олмади.
Интернетда тарқалган видеолавҳани кўрган одам ҳолатни билмасдан турлича ўйлаши мумкин. Аниқланишича, бу ерда К. Жўрабоев постда хизмат бурчини бажараётган ички ишлар органлари ходимларини обрўсизлантиришга ҳаракат қилган. Ахир блогерга ҳеч ким қонунни бузишга, карантин қоидаларига амал қилмасликка ҳуқуқ бермаганку? Ваҳоланки, Камронбек ички ишлар ходимларига интернетга чиқариб юбориш билан таҳдид қилган.
К. Жўрабоевга 8 сутка маъмурий қамоқ, онасига эса жарима жазоси қўлланилди. Марғилон шаҳар ИИБ ходимларининг уларга нисбатан содир этган ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун шаҳар прокурорига махсус хабарнома юборилди.
Тасодифий хабарлар
Андижондаги бозорда чиққан ёнғиндан 1 млрд зарар кўрилди
Ўзбекистонда Twitter, TikTok ва ВКонтакте блокланди
«Охирини ўйлаган қаҳрамон бўлолмайди». Пўлат Аламдар роли билан танилган Нежати Шашмаз 48 ёшга тўлди
АҚШ–Мексика чегарасида «ажал қопқони» ўрнатилди
«Кўзимни очсам, дўхтирхонадаман» – Наманганда 16 ёшли тиктокерни ток урди