Россиялик амалдор мигрантлар борасида хавотирли таклиф айтди

Россиялик амалдор мигрантлар борасида хавотирли таклиф айтди

Россия фуқаролигини олган мигрантлар Украина урушида иштирок этишдан бош тортса фуқароликдан маҳрум этилиши керак. Ушбу таклиф Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин томонидан илгари сурилди.

«Махсус ҳарбий амалиёт (Россия расмийлари Украинага босқинни шундай атайди – таҳр.) давом этар экан, ўйлайманки, улар (мигрантлар) махсус ҳарбий амалиётга жалб этилиши керак. Агар Россия Федерацияси фуқароси ўз ҳарбий бурчини бажармаса, у фуқароликдан маҳрум этилиши лозим», – дейди А.Бастрикин.

РФ Тергов қўмитаси бошлиғи жорий йил январь ойида ҳам фуқаролик олган Марказий Осиё ва Кавказорти ўлкалари вакилларини урушга юбориш ҳақида гапирган эди.

Мулозим хорижликлар ҳарбий хизматни четлаб ўтган ҳолда Россия фуқаролиги имкониятларидан фойдаланаётганини даъво қилган.

«Охирги 5 йилда Ўрта Осиё ва Кавказорти мамлакатларидан келган бир миллиондан зиёд шахс, жумладан, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан 550 минг киши фуқаролик олди. Хусусан, 2022 йилнинг биринчи ярмида мазкур давлатларнинг 60 мингдан зиёд вояга етган фуқароси Россия фуқаролигига ўтди. (Фуқаролик) ҳуқуқлар бериб қолмай, айни чоқда, қабул қилувчи мамлакатни ҳимоя қилиш бўйича конституциявий мажбуриятларни ҳам кўзда тутади», – деган Тергов қўмитаси бошлиғи.

Сўнгги вақтларда Россия фуқаролигини олмай, у ерда тирикчилик қилаётган меҳнат муҳожирларини ҳам турли йўллар билан Украина урушига юбориш ҳолати кўпаяётгани айтилмоқда.

Буюк Британия мудофаа вазирлиги ҳисоботида қайд этилишича, Россия ҳукумати Марказий Осиё мамлакатлари меҳнат муҳожирларини Украина урушида қатнашишга кўндиришга уринмоқда. Ихтиёрий равишда ажал комига бориш эвазига 4160 доллар ойлик маош, шунингдек, Россия фуқаролиги ваъда қилинмоқда.

Аввалроқ BBC нашри Россия–Украина уруши бошланганидан буён камида 93 нафар Марказий Осиё фуқаролари, жумладан, 34 нафар ўзбекистонлик жанг майдонида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди.


Теглар:
×