Юртдошларимиз орасида оёқ ва бел оғриғидан азият чекувчилар кўп. Текширувлар давомида уларнинг баъзиларига умуртқалараро диск чурраси ташхиси қўйилади. Авваллари бу хасталик кўпроқ катта ёшли инсонларда кузатилган бўлса, эндиликда у 20-25 ёшли йигит-қизларда ҳам учраяпти.
Касаллик умуртқалар орасидаги диск бутунлигининг жароҳатлар ёки остеохондроз натижасида бузилиши, ундаги пульпоз ядронинг фиброз ҳалқани ёриб ташқарига чиқиши орқали юзага келади.
Бунда энг асосий симптом — бел оғриғи. Дард ҳаракат ёки бирор оғир юкни кўтариш натижасида кучаяди. Ҳатто тинч ҳолатда ҳам оғриқ пасаймаслиги мумкин.
Танада кислород ва озуқалар етишмаслиги туфайли қўл-оёқлар музлайди, уюшади, бемор ҳолсизланади. Бош айланиши, ичак ва бовул қилишда бузилишлар, қўлларда сезгилик сусайиши, қон босими ўзгариши, қорин бўшлиғидаги ноқулайлик ҳам шу касалликка хос аломатлар.
Чурра хуруж қилган пайтда кўнгил айниши, қайт қилиш, қоринда тўлғоқсимон оғриқ кузатилиши мумкин. Бундай вазитда бемор оғриқ қолдирувчи дориларни қабул қилиши мутлақо мумкин эмас. Сабаби ўзбошимчалик билан даволаниш кейинчалик салбий оқибатларни келтириб чиқаради.
Афсуски, ҳозирни кунда кўпчилик беморлар яқинларининг маслаҳатига ишониб, умуртқа поғонасини босиш, уқалаш ва шунга ўхшаш амалиётлар орқали даволанишга ҳаракат қилади. Бу эса шикастланган умуртқани янада зўриқтириб, касалликнинг кучайишига олиб келади.
Ваҳоланки, замонавий тиббиётда хасталик муолажасида лазерли ва эндоскопик усуллардан кенг фойдаланилмоқда. Бироқ чурра инсон танасидаги ўсимта ҳисоблангани, қолаверса, вақтида чора кўрилмаса, салбий оқибатларга олиб келиши боис уни режали жарроҳлик йўли билан даволаш энг самарали йўл.
Тўғри, умуртқа чуррасини дори-дармонларсиз ҳам тузатса бўлади. Масалан, тиббиётда кенг қўлланилаётган сув муолажалари орқали! Лекин бундай амалиётларни шифокор тавсияси билан бажариш керак.
Шу билан бирга, дардга даво топишда чурранинг юзага келиш муддати жуда муҳим. Уч ойгача бўлгани енгил, уч ойдан олти ойгача бўлгани эса сурункали саналади. Бундан ташқари, у 9 миллиметрдан кичик бўлса, жарроҳлик аралашувисиз даволаш мумкин.
Айни пайтда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида ушбу касаллик илғор усуллар ёрдамида муолажа қилинмоқда.
Тасодифий хабарлар
Сурхондарёда 4 ойлаб маош олмаган ишчилар муаммоси ҳал этилди
Тезкор: Илк бор Ўзбекистон фуқаросида “omicron” вируси аниқланди
Оилавий зўравонлик ҳақида ИИВга хабар беришда cаll-марказ фаолияти йўлга қўйилади
Оқ уй “тилга кирди”. Эрон ҳужуми масаласида баёнот берилади
Фарғонада журналист босимга учради. Прокуратура ҳолатни ўрганишга тушди