Бугун, 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда бир қанча қарорларда белгиланган тартиблар кучга кирди. QALAMPIR.UZ анъанага кўра миллий қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади.
“Яшил энергия” сертификатини бериш бошланди
Электрнинг қайта тикланувчи манбалар асосида ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи “яшил энергия” сертификати тизими “Ўзбекгидроэнерго” АЖдаги гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр учун жорий этилди.
“Шаффоф қурилиш” ахборот тизими ишга тушди
Бугундан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан электр энергияси ҳамда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномалар электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ёхуд “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали тузилади.
Айрим вино маҳсулотларига акцис маркалар ёпиштирилмайди
Кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотларига акциз маркалари қўйилмайди.
Давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарлари танлов асосида тайинланади
Давлат иштирокидаги корхоналарнинг раҳбари ва унинг ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) танлов асосида амалга оширилади, бундан Президент қарорларида назарда тутилган ҳоллар мустасно. Шунингдек, давлат органлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар маъмурий биноларидан ходимлар учун белгиланган меъёрдан келиб чиқиб, самарали фойдаланиш тартиби жорий этилади.
Айрим тезкор-қидирувларда экспресс текшириш техник воситалари ўша жойнинг ўзида қўлланилади
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар қуйидаги ҳолатларда:
- гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатни қайд этишда аниқланган модда (буюм)нинг гиёҳванд воситасига тааллуқли эканлигига шубҳа пайдо бўлганда;
- аниқланган модда (буюм)ни гиёҳвандлик воситаларининг қайси турига мансублиги бўйича савол туғилганда;
- гиёҳвандлик воситаларининг янги турлари аниқланганда;
- тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда аниқланган валюта намунаси қалбаки эканлигига шубҳа пайдо бўлганида;
- тезкор-қидирув тадбирлари давомийлигини таъминлаш зарурати юзага келганда, тезкорликни амалга ошириш ҳамда тегишли вақтни тежаш мақсадида мазкур модда (буюм) ёки валюта намуналарини улар аниқланган жойнинг ўзида ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар биносида экспресс текшириш техник воситалари ёрдамида текширади.
Ёшлар учун янги стипендия таъсис қилинди
“Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг стипендияси” жорий этилди. Бунда:
- стипендия миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 баравари этиб белгиланади;
- мазкур стипендия тайинланган спортчиларга Президентнинг тегишли қарорида белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилиш ҳуқуқи берилади.
- Шунингдек, спортчи идентификация карталари учун тўловлар миқдори уч баробарга камайтирилиб, улардан фойдаланиш муддати 5 йил этиб белгиланади.
Нодавлат футбол муассасаларига футбол ассоциацияси аъзоси талаби қўйилади
Нодавлат футбол муассасалари учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси аъзоси бўлиши талаби ўрнатилади. Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан нодавлат футбол муассасаларининг рейтинги юритилади.
Давлат органларининг АКТ ходимлари малакаси оширилади
Давлат органлари раҳбарлари рақамли технологиялар бўйича 3 йилда бир марта малакасини ошириш йўлга қўйилади.
Айрим тадбиркорлар ишчиларининг даромад солиғи қайтариб берилади
2023 йил 1 июлдан 2024 йил 1 июлгача иссиқхонага ихтисослашган ер майдони 25 сотихдан кўп бўлган тадбиркорлар томонидан ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя қилинганда тадбиркорларга қайтариб бериш тартиби жорий этилади:
- ҳар бир 5 сотих ер майдони учун ойига камида 1 нафар ишчининг бандлигини таъминлаш;
- ҳар бир ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган (980 минг сўм) миқдорда белгилаш;
- иссиқхонага ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари томонидан иссиқхона фаолияти бўйича олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этиш шулар жумласига киради.
Фермер хўжаликларига 2023 йил 1 июнь ҳолатига шаклланган сув солиғидан қарзини 12 ой мобайнида тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилди.
Экология ва атроф-муҳитга оид ўзгаришлар
- “Жамоатчилик экология назоратчиси” тизими жорий қилинади;
- чиқинди полигонларини хусусийлаштириш тақиқланади;
- қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун вужудга келган қарздорликни мажбурий тартибда ундириш учун судга даъво аризалари санитар тозалаш хизматларини кўрсатувчи корхоналар томонидан киритилади.
Айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлпр лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқланади
Жаҳон савдо ташкилоти қоида ва меъёрларига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқланади.
Ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишда халқаро почта ва курьерлик харажатларининг бир қисми қоплаб берилади
Ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишда халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари сифатида жўнатиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ маҳсулот экспорт қийматининг (жўнатиш харажатларисиз) 50 фоизидан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади. Давлат мулки бўлган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланиш учун фақат миллий каталог ва реестрга киритилган ҳунармандларга электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартиби жорий этилади.
Тасодифий хабарлар
Муҳим! Шамоллаганлар, албатта, коронавирусга чалинадими?
«Ўзбекнефтгаз» АИ-80 бензин нархи ошганини рад этди
Араб шайхи: менга жаннатни эмас Ўзбекистонни тасвирлаб беринг
«Davr» информацион дастури яна эфирга қайтади
Мушукнинг бўйнидан ип ўтказиб судраган йигитнинг отаси жазоланди