Атлантика океанида чўккан «Титаник» лайнери томон шўнғиш вақтида йўқолиб қолган «Титан» батискафи қолдиқлари аниқланди. Бортда бўлган беш кишининг барчаси ҳалок бўлган. АҚШ ҳарбий-денгиз флоти батискаф йўқолган ҳудудда портлашни қайд этган.
АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати хабарига кўра, Канаданинг Horizon Arctic кемаси томонидан сувга туширилган Odysseus сувости аппарати 3800 метр чуқурликда ётган «Титаник» бурнидан тахминан 500 метр масофада (1600 фут) батискафнинг қуйруқ конусини, шунингдек корпуснинг бошқа қисмларини топган.
Парчаларнинг ҳолати ҳалокатли вайронгарчиликдан дарак бермоқда, аммо унинг сабаби номаълум. Шунингдек, қурбонларнинг жасадларини топиш мумкинлиги ҳам аниқ эмас.
«Бу ниҳоятда оғир шароит», – дея маълум қилди Бостондаги матбуот анжуманида АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати контр-адмирали Жон Могер.
«Титан»га эгалик қилган OceanGate компанияси ҳам экипаж ҳалок бўлганини тан олиб баёнот берган.
«Бу одамлар ўзига хос саргузаштлар руҳи ҳамда жаҳон океанларини ўрганиш ва ҳимоя қилишга бўлган чуқур иштиёқ бирлаштирган ҳақиқий тадқиқотчилар эди», – дейилган баёнотда.
Wall Street Journal расмий манбага асосланиб хабар беришича, АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг душман сувости кемаларини қидиришга мўлжалланган махфий акустик аниқлаш тизими батискаф сувга шўнғишни бошлаганидан бир неча соат ўтганидан кейин субмарина портлашини қайд этган.
«АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари акустик маълумотларни таҳлил қилди ва алоқа узилган пайтда «Титан» сувости аппарати ишлаётган жойга яқин нуқтада портлаш билан боғлиқ аномалияни аниқлади», — деган WSJ мухбирига АҚШ денгиз флоти вакили.
АҚШ мудофаа вазирлигидаги манбага кўра, «Титан» Polar Prince билан алоқани йўқотган вақтда ҳарбий-денгиз флоти авария ҳудудини эшита бошлаган. Кўп ўтмай акустик тизим кейинчалик сувости бўлаклари топилган ҳудудда иккита портлаш овозини ёзиб олган.
Қутқарув амалиётининг космосдан кўриниши
Polar Prince тадқиқот кемаси «Титан»ни 110 йил муқаддам «Титаник» кемаси чўкиб кетган жойга якшанбага ўтар кечаси олиб борганди.
Батискаф тонгда шўнғишни бошлайди, аммо сув юзасидагилар миссия бошланганидан 1 соат-у 45 дақиқа ўтиб у билан алоқани йўқотади.
Polar Prince экипажи «Титан» билан алоқа узилиб қолгани ҳақида АҚШ Соҳил қўриқлаш хизматини дарҳол хабардор қилмайди: уларга тахминан саккиз соат ўтиб хабар берилади. Шундан кейин идоранинг Бостондаги қўмондонлик марказида қидирув амалиётини мувофиқлаштириш бошланади, унда бир неча мамлакат вакиллари иштирок этади.
Аввалига батискафни эхолотлар (денгиз чуқурлигини электр акустик усул билан ўлчовчи асбоб) билан қидиришни бошлашади, кейин эса воқеа жойига катта чуқурликда ишлай олувчи бошқарувчисиз сувости аппаратларини келтиришади.
Соҳил қўриқлаш хизмати C-130 Hercules русумли иккита самолётни сувости аппаратини сув юзасидан қидириш учун юборади, уларга Канаданинг сувости сонарлари билан жиҳозланган C-130 ва P8 самолётлари қўшилади.
Ҳудудга гидроакустик буйлар (сувости кемалари сигналларини ушловчи сузгичлар) жойлаштирилди.
Пайшанба куни батискафни қидириш ишлари ҳал қилувчи босқичга кирди, бу вақтда бортдаги кислород захираси тугаётганди.
АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати қутқарув амалиёти кўламини кенгайтириб, қидириш ишларига яна 10 та кема ва бир қанча сувости қайиқларини қўшади.
Аввалроқ эхолотлар сувости шовқинлари келаётган бир неча нуқтани қайд этишганди, аммо бу жойлардан бирортасидан батискаф топилмади. Шунга қарамай, қидирув амалиёти иштирокчилари шовқинлар қайд этилган ҳудудларда саъй-ҳаракатларни кучайтиришганди.
Сув тубида батискаф қисмлари экани тахмин қилинган парчалар топилгач, қидирув амалиётини тўхтатиш ишлари бошланди.
«Титан» бортида беш киши, жумладан OceanGate асосчиси Стоктон Раш бор эди. Унинг рафиқасининг аждодлари «Титаник»да ҳалок бўлишган
Батискаф бортида бўлганлар:
- 58 ёшли британиялик бизнесмен ва Action Group компанияси асосчиси Ҳэмиш Ҳардинг
- 48 ёшли покистонлик бизнесмен Шаҳзода Довуд ва унинг 19 ёшли ўғли Сулаймон
- 61 ёшли Стоктон Раш — OceanGate компанияси асосчиси
- 77 ёшли француз тадқиқотчиси Пол-Анри Наржоле.
Ҳэмиш Ҳардинг — британиялик миллиардер, қароргоҳи БААда жойлашган, авиатехникалар сотуви ва эксплуатацияси билан шуғулланувчи Action Aviation компанияси асосчиси. Ҳардинг Гиннесс рекордлар китобига киритилган учта ютуққа эришган. 2021 йилда у икки ўринли батискафда Мариана ботиғига тушган (11 000 метр чуқурликда), у ерда 4 соат-у 15 дақиқа ўтказган (бундай чуқурликда энг кўп вақт бўлиш) ва 4,6 километр масофа сузган (бундай чуқурликда энг узоқ масофа). 2019 йилда у америкалик астронавт Терри Виртс билан Gulfstream самолёти бортида икки қутбни айланиб ўтиш тезлиги бўйича рекорд ўрнатади. 2022 йилда у Жефф Безоснинг Blue Origin компанияси New Shepard ҳаво кемасида космосга кўтарилади.
Ўз ўғли билан бирга сувости аппарати бортида бўлган Шаҳзода Довуд — Покистондаги энг бадавлат оилалардан бирининг вакили бўлган. У Покистонда туғилган, кейинроқ Буюк Британияга келиб, Букингҳем университетида ҳуқуқшунослик бўйича ўқиган. У шунингдек Филаделфия университетида маркетинг соҳасида магистр даражасини олган.
Стоктон Раш — океан тубига экспедицияни уюштирган OceanGate компанияси асосчиси ва ижрочи директори. У сувости аппаратини бошқарган. The New York Times нашрининг ёзишича, унинг рафиқаси Венди — 1912 йилда чўкиб кетган «Титаник»нинг биринчи классдаги йўловчилари бўлган Исидор Штраус ва унинг рафиқаси Иданинг невараси ҳисобланади. Уларнинг ҳаёти Жеймс Кэмероннинг «Титаник» филмида машҳур саҳна олинишига туртки берган: ҳалокат пайтида кекса эр-хотин Штрауслар аёллар ва болаларга устуворлик берилиши учун қутқарув қайиғига чиқишдан бош тортган ва номерга қайтиб ўлимни кутишган.
Пол-Анри Наржоле — француз тадқиқотчиси, у «Титаник» чўккан жойга 35 мартадан ортиқ шўнғиган. У бу жойга тадқиқотларини 1986 йилда, Франция ҳарбий-денгиз флотидаги 22 йиллик хизматдан кейин бошлаган. Экспедициялар давомида у сув юзасига чўккан кемадан беш мингдан ортиқ буюмларни, жумладан йўловчиларнинг шахсий буюмларини олиб чиққан. Бу ишлари туфайли у «Мистер Титаник» лақабини олганди.
Экспертлар бир неча бор «Титан» фойдаланиш учун хавфсиз эмаслигидан огоҳлантиришган
OceanGate компанияси тасдиқлашича, «Титан» «Титаник» қолдиқлари ётган 3800 метр чуқурликка бортдаги йўловчилар билан туша оладиган ва бошқарилувчи дунёдаги бешта сувости аппаратдан бири бўлган.
2015 йилдан буён OceanGate худди шу каби «Циклоп» аппаратидан фойдаланади, «Титан» эса сайёҳларни «Титаник» ҳалокатга учраган жойга олиб тушиш учун махсус яратилган. Аппарат вазни 10 тонна атрофида бўлган. У углерод толали корпус (девор қалинлиги — тахминан 13 сантиметр) ва иккита титан қопламали яримшарлардан (улардан бирида иллюминатор бор) иборат цилиндр кўринишида. «Титан» 4000 метргача чуқурликка шўнғий олади, BBC News манбаси қайд этишича, бу АҚШнинг энг чуқур шўнғий оладиган USS Dolphin сувости кемасиникидан юқорироқ кўрсаткич.
«Титан»нинг узунлиги — 6,7 метр, кенглиги — 2,8 метр, баландлиги — 2,5 метр. Шўнғиш вақтида кўрсатмалар сув сиртидаги кемадан келади. Сувости қайиғи дастлаб видеоўйинлар учун ишлаб чиқарилган ва кейин такомиллаштирилган Logitech G F710 симсиз контроллери орқали бошқарилади.
The New York Times нашрининг ёзишича, беш йил олдин OceanGate раҳбариятини «Титан» эксплуатация учун хавфсиз эмаслиги ҳақида огоҳлантиришганди. 2018 йил бошида, ўшанда компанияда денгиз амалиётлари бўйича директор лавозимида ишлаган Дэвид Локриж тайёрлаган ҳисоботда қўшимча синовлар ўтказиш зарурлиги келтирилган ва «агар сувости аппарати экстремал чуқурликка етиб борса, йўловчилар учун потенциал хавф туғдириши» қайд этилганди. Шунингдек, Локриж сувости кемасининг кўриш ойнаси фақат 1300 метр чуқурликда ишлаш учун сертификатланганини ёзган.
OceanGate раҳбарияти эса бу ҳисоботдан кўп вақт ўтмай Локрижни ишдан бўшатади. Компания уни махфий маълумотларни ошкор этишда айблаб, судга ҳам беради. Собиқ ходимнинг ўзи эса ноқонуний ишдан бўшатилганини даъво қилиб, судга мурожаат қилган. 2018 йил охирига келиб, Локриж ва компания келишувга эришади.
Ўша йилда Америка денгиз технологиялари жамиятининг пилот томонидан бошқариладиган сувости кемалари қўмитасининг 38 нафар аъзоси OceanGate раҳбари Стоктон Рашга сувости кемаси хавфсиз эмаслиги тўғрисида огоҳлантириш берилган хат йўллашади. Экспертлар «Титан»ни ишлаб чиқариш жараёни, «Титаник» томон режалаштирилган миссиялар ва компаниянинг хавфсизликни баҳолашнинг стандарт усулларидан воз кечишга қарор қилгани ва бу эса эҳтимолий «ҳалокатли» муаммоларга олиб келиши мумкинлигидан «хавотир» билдиришган. Мактуб муаллифларидан бири Уилл Конен The New York Times нашрига айтишича, бу мурожаатдан кейин OceanGate раҳбари унга қўнғироқ қилган ва саноат стандартлари инновацияларни ортга сураётганини айтган.
OceanGate «Титаник» томон илк муваффақиятли шўнғиш ҳақида илк бор 2021 йилда хабар беради. 2022 йилги экспедициялардан биридан кейин компания чўкиб кетган кема кадрларини 8K сифатда эълон қилади. Бундай экспедицияда иштирок этиш хусусий мижозлар учун бир ўринга 250 минг доллар миқдорида баҳоланганди.
Video Player
Тасодифий хабарлар
Пригожиндан садо чиқди
Сирдарёда ОТБ ажратган 7 млн доллар “талон-торож қилингани” айтилди. “Ўзсувтаъминот” изоҳ билан чиқди
Андижонда ҳарбий қисмни кузатаётган шубҳали шахс қўлга олинди
Британияда коронавирус юқтириш ҳолатлари бўйича мутлақ рекорд қайд этилди
«Наманган шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи кубоги» бўлиб ўтди