Санъаткор ҳар қандай ҳолатда ҳам ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмай, вазиятни тўғри баҳолай олиши, саҳнада, мухлислар билан мулоқот жараёнида уларга нисбатан самимий муносабатда бўлиб, ҳурматини жойига қўйиши шарт. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг концертда мухлисларига қилган муомаласини қоралаб чиқди.
Вазирлик ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлаётган Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг концерт дастуридан ёзиб олинган видеолавҳа юзасидан қуйидагича муносабат билдирди:
“Халқлар дўстлиги” санъат саройида бўлиб ўтаётган концертнинг 12 март кунидаги дастурида техник носозлик туфайли саҳна пардаси тўлалигича очилмай қолган ва бунга томошабинлар эътироз билдирган. Хусусан, улардан бири қўпол оҳангда бақирган. Натижада Юлдуз Усмонова буни ҳақорат деб тушунган ва эмоцияга берилиб кетиб, концертга ташриф буюрган томошабинларга нисбатан қўпол муносабатда бўлган.
Шуни қатъий таъкидлаймизки, санъаткор ҳар қандай ҳолатда ҳам ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмай, вазиятни тўғри баҳолай олиши, ўзини тута билиши, муомала маданияти, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши, айниқса, саҳнада, мухлислар билан мулоқот жараёнида уларга нисбатан самимий муносабатда бўлиб, ҳурматини жойига қўйиши шарт. Бу унинг маънавий бурчи ҳисобланади. Маданият вазирлиги ушбу тартиб-қоидаларга зид равишда қилинган хатти-ҳаракатларни ҳеч қачон ёқламайди ва кескин қоралайди.
Албатта, концерт-томоша жараёнларида томошабинлар чекига тушадиган масъулият ҳам борки, юртдошларимиз масаланинг ушбу жиҳатига ҳам эътибор қаратишлари зарур. Яъни, санъаткордан маданият талаб қиладиган, унга эътироз билдирадиган жамият, айни пайтда, жамоат жойида ўзини тутишни билмайдиган, этика қоидаларини қўпол равишда бузиб, омманинг маданий ҳордиқ олишига, кайфиятига салбий таъсир ўтказадиган ва халақит қиладиган томошабинларни тартибга чақириб, керак бўлса, уларга танбеҳ бериши ҳам лозим. Шунда ҳаммаси адолатдан бўлади.
Биз илм-маърифатда буюк тарих яратиб, юксак маданиятимиз ва маънавиятимиз билан дунё аҳли ҳурматига сазовор бўлиб келаётган халқмиз. Ҳар биримиз мана шу масъулиятни бир зум ҳам унутмаслигимиз шарт. Ана шунда ўсиб келаётган ёш авлодга ҳам яхши фазилатларимиз билан ибрат бўламиз”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова концертида қуйидаги гапларни айтиб, мухлисларга ўшқирган эди:
“Қилаётган [тўлаётган] пулингизга 10 бараварини оляпсиз. Аёллар илтимос қиламан, бунақа бўладиган бўлса, ҳозир мана шу ерда тўрттани айтиб, беркитаман, кетавераман. Ўзларингни билиб ўтиринглар, узоқ-яқиндан келганлар. Бошқа концертда қиласан унақа нарсаларингни. Жим ўтирамиз! Чироқни бер (техник ходимларга қараб – таҳр.) ҳамма бақираётганларнинг башарасини кўрай. Бер чироқни залга! Қани, зални ёқ! Ўзларингни билиб ўтиринглар. Бошқа жойда қиласизлар... Қани энди туриб гапиринг, ким эди бақираётган, чиқинг буёққа. Кўрсата оласизми юзингизни? Буёққа келинг сиз, бақираётган. Туриб келинг-чи буёққа. Нима деяпсиз? Парда бўлаётган бўлса, мана бу саройга қараётган Мансуржон бошчилигида... Жуда гумбура-қаср қилиб, кўтар пардангни. Нима қиласан ярмига осиб қўйиб? Парда бўлса менда эмас-ку айб. Ҳалақит қиляпсизлар концертни давом эттиришга. Ашула айтайми, залга бақирайми, гапирайми? Кунига иккитадан сеанс бўляпти. Концерт дединглар, қўшимча беряпмиз. Пол лантани ҳам мендан талаб қиласанми энди?”
Тасодифий хабарлар
Отабек Сатторийга суд ҳукми ўқилди
ФВВ зилзилалар бўйича янги мурожаат билан чиқди
Роналду «Барселона»га ўтиши мумкин, Месси эса жамоани тарк этмоқчи
Фарҳод Манноповнинг операциясида шифокорлар бир қатор хатоларга йўл қўйгани аниқланди
Россия ортидан АҚШ ҳам ядровий қуролларини шай ҳолатга келтирадими? Блинкен жавоб берди