Алишер Усмонов дунё бойлари рейтингида кўтарилди

Алишер Усмонов дунё бойлари рейтингида кўтарилди

Алишер Усмонов "Forbes" томонидан эълон қилинган дунёнинг энг бой одамлари рейтингида кўтарилди. Бу ҳақда нашр ҳисоботида маълум қилинди

Қайд этилишича, Усмоновнинг бойлиги 2022 йилга нисбатан 2,9 миллиард долларга ошиб, 14,4 миллиардга етган. Бу натижа билан у дунё бойлари рейтингида 122-ўринни эгаллаб турибди. 

"Унинг энг йирик холдинги темир рудаси ва пўлат гиганти "Металлоинвест"дир. Шунингдек, у Xiaomi, тоғ-кон саноати ва медиа компанияларида улушларга эга. У ўзининг дастлабки бойлигини Совет Иттифоқида жуда танқис товар бўлган полиетилен пакетлар ишлаб чиқаришдан топган эди. Усмонов 2000 йилдан 2014 йилгача "Газпром" давлат конгломератининг шўба корхонаси "Газпром Инвестхолдинг"ни бошқарган. Собиқ қиличбоз бўлган Усмонов 2022 йилгача Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти бўлган", дейилади хабарда. 

Шунингдек, хабарда айтилишича, дунё миллиардерларининг бойлиги 2022 йилнинг март ойига нисбатан 500 миллиард долларга пасайиб, 12,2 триллионни ташкил қилган. Бунгача ушбу рўйхатни бошқариб келган Илон Маск Twitter'ни сотиб олганидан сўнг Tesla акциялари нархининг пасайиши сабаб 39 миллиард доллар йўқотган. Маск ҳозирда 180 миллиард доллар билан дунёнинг иккинчи энг бой одами бўлиб турибди. 

Дунёнинг энг бой одами мақомига эса LVMH эгаси, франциялик Бернар Арно сазовор бўлган. Арнонинг бойлиги 2022 йилдаги 158 миллиарддан кескин кўпайиб, 211 миллиард долларга етган. Маълумот учун, у 75 та мода ва косметика брендларининг LVMH империясини, жумладан Louis Vuitton ва Sephora'ни бошқаради.

Кучли ўнликдан мос равишда Жефф Безос (АҚШ), Ларри Эллисон (АҚШ), Уоррен Баффет (АҚШ), Билл Гейтс (АҚШ), Майкл Блумберг (АҚШ), Карлос Слим (Мексика), Мукеш Амбани (Ҳиндистон) ва Стив Балмер (АҚШ) каби миллиардерлар ўрин олган. 

Умуман олганда, дунё бўйича миллиардерлар сонига кўра АҚШ ҳамон етакчилик қилмоқда. Мамлакатда 735 нафар миллиардер 4,5 триллион доллар бойликка эгалик қилмоқда. 562 нафар хитойлик миллиардернинг эса 2 триллион доллар маблағи бор. Ҳиндистон 169 нафар миллиардер билан рўйхатнинг учинчи поғонасини банд қилиб турибди. Уларнинг жами бойлиги 675 миллиард долларга баҳоланган.


×