Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тайинланди

Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тайинланди

Президент сессияда билдирилган режа ва таклифлардан келиб чиқиб, янги ҳоким ва мутасаддилар олдида вилоятни янада ривожлантириш бўйича турган вазифаларни белгилаб берди.


Термиз шаҳрида Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши сессияси бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, сессияда ташкилий масала кўриб чиқилган, Президент вилоят фаолларининг билдирган фикрлари асосида Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Қосимов Улуғбек Бердиқобилович номзодини тавсия этди.

Номзоднинг вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, қишлоқ хўжалиги ва саноатни ривожлантириш, ижтимоий соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича режалари эшитилди ва муҳокама қилинди.

Сўнг Сурхондарё вилояти ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

Президент сессияда билдирилган режа ва таклифлардан келиб чиқиб, янги ҳоким ва мутасаддилар олдида вилоятни янада ривожлантириш бўйича турган вазифаларни белгилаб берди. 

Маълумот ўрнида, Улуғбек Қосимов — 1983 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2005 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2005 йилда Денов туман прокуратурасида бошлаб, Сурхондарё вилоят прокуратураси органларида турли лавозимларда, 2011 йилдан Бош прокуратура бошқарма прокурори, Қумқўрғон туман прокурори, Сурхондарё вилояти Музработ ва Денов туманларида ҳоким бўлиб ишлаган.

У 2018 йилнинг ноябридан Сурхондарё вилояти прокурори лавозимида фаолият кўрсатган, 2019 йил сентябрида Фарғона вилоятига прокурор бўлганди. 

Теглар:
×