Ўзбекистонда айрим бож ставкалари камайтирилмоқда

Ўзбекистонда айрим бож ставкалари камайтирилмоқда

Ўзбекистонда давлат божи ставкалари миқдорларини унификация, оптимизация қилиш ва камайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган  “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида белгиланмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан қуйидагилар белгиланмоқда:

биринчидан, нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун давлат божини ундиришда ёки давлат божини тўлашдан озод қилишда айрим тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда.

Ушбу лойиҳа билан давлат божидан озод қилиш, давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятларига аниқлаштирувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда;

иккинчидан, нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган айрим тўловлар миқдорининг дифференсиал тарзда ҳисоблаб чиқариш тартиби уларни ундиришда тафовутлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, нотариуслар томонидан давлат божи ундиришда ва бу борада имтиёз қўллашда фуқаролар учун шаффофлик таъминланмаяпти.

Мазкур лойиҳа билан нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун белгиланган бир қатор давлат божи миқдорларининг ставкалари оптималлаштирилмоқда.

Масалан, автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш автотранспорт учун 810 минг сўм (3 БҲМ) миқдорида белгиланмоқда. Амалиётда бу йили ва от кучига қараб 2,7 млн сўмгача борар эди.

Кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни расмийлаштириш Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида 405 минг сўм (1,5 БҲМ) миқдорида белгилаш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, қонун билан айрим ҳаракатларни амалга оширганлик учун давлат божи тўлашдан озод қилиш асослари белгилаб берилади.

Муҳокама 16 декабрга қадар давом этади.

×