“Ўзтрансгаз” АЖ ҳудудий бошқармаси масъулларига жиноят иши қўзғатилди

“Ўзтрансгаз” АЖ ҳудудий бошқармаси масъулларига жиноят иши қўзғатилди

Янгийўл туманидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди. Масъулларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Хабарда айтилишича, қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа обектларини табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги ишчи гуруҳ (Ички ишлар ва Прокуратура органлари ходимлари билан ҳамкорликда) томонидан ўтказилган назорат тадбирида Тошкент вилоятида жойлашган АГТКШ табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича вилоят прокуратураси томонидан АГТКШга ва “Ўзтрансгаз” АЖ ҳудудий бошқармаси масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

“3 январь куни соат 21:00 лар атрофида Янгийўл туманида жойлашган “Ҳамкор газ сервис” МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси (АГТКШ) белгиланган ўчириш графигига риоя этмаган ҳолда фаолият кўрсатаётганлиги маълум бўлди”, дейилади вазирлик хабарида.


Мазкур шохобчанинг газ ҳисоблаш ускунаси кўздан кечирилганда, ускунага ташқи таъсир кўрсатилганлиги, яъни шохобча фаолият кўрсатаётган бўлса-да, ускуна ишламаётганлиги (кўрсаткичлари “0” ҳолатда эканлиги) аниқланган ҳамда табиий газ етказиб бериш тўхтатилиб, газ ҳисоблагич экспертизадан ўтказиш учун ечиб олинган.

Шунингдек, шохобчанинг электр таъминоти ҳолати ўрганилганда электр ҳисоблагич ва маълумотлар базаси билан ноябрь ойидан буён алоқа мавжуд эмаслиги аниқланди ва ҳисоблагич экспертизага юборилган.

Шу билан бирга, ушбу АГТКШнинг газ ҳисоблагичи белгиланган тартибга зид равишда ўрнатилгани ҳам фош этилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг июль ойида "Ўзтрансгаз" АЖ мансабдорлари 4 триллион 904,7 млрд сўмни растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилингани ва 7,4 млрд сўм маблағ ортиқча мукофот пуллари сифатида тўлаб берилиб, ўзлаштирилиши ортидан давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалганди. 

Лекин, "Ўзтрансгаз" АЖ мазкур хабарларни рад этиб, мансабдор шахсларига нисбатан ҳеч қандай жиноят иши очилмагани ва ҳеч бир мансабдор шахс бирор жиноий иш доирасида тергов жараёнига жалб қилинмаганини маълум қилганди.


×