Россия Президенти Владимир Путин СССРнинг миллий сиёсатини шарҳлаб, улар совет даврида иттифоқ республикалари халқларининг маданияти ва иқтисодиётини ривожлантириш билан шуғулланганлигини таъкидлади.
У бу масалани кеча, 14 октябрь куни “Россия-Марказий Осиё” саммитида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоновнинг нутқидан сўнг кўтарди. Тожикистон Президентининг фикрича, Марказий Осиё мамлакатларига, жумладан, иқтисодий ҳамкорлик соҳасида етарлича эътибор ва ҳурмат кўрсатилмаяпти.
“Мен Имомали Шарипович айтган гаплардан бошламоқчи эдим. Ҳа, ҳақиқатан ҳам, менимча, у катта даражада ҳақ. Албатта, Совет Иттифоқида миллий тилларда китоблар нашр этилиб, театрлар очилди, маданият ва иқтисодиёт ривожланди. Аммо бугун, албатта, биз барча форматларимизни, шу жумладан, [янги саммитнинг] форматини аниқ мазмун билан тўлдиришимиз керак”, дейди Путин Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ҳақида гапираркан.
Унинг сўзларига кўра, бу учрашувдан мақсад шунчаки гаплашиш эмас, балки минтақавий лойиҳалар ва эҳтиёжларни кўриб чиқиш, уларни мавжуд имкониятлар билан уйғунлаштириш ва нафақат икки томонлама, балки минтақавий миқёсда ҳам илгари суришдир. Шунда, Путин ишончи комилки, кўп масалаларни катта самара билан ҳал қилиш мумкин.
Тожикистон раҳбари саммитда сўзга чиқиб, Совет Иттифоқи парчаланишининг асосий сабаблари ҳақида гапирган эди.
“Ўша пайтда ҳам, ҳозиргидек, кичик республикалар, майда халқларга эътибор йўқ эди. Анъаналар, урф-одатлар ва бошқа ҳамма нарса эътиборга олинмасди”, деб таъкидлади Тожикистон Президенти.
Унинг сўзларига кўра, бу мамлакатлар халқлари у қадар кўп аҳолига эга бўлмаса-да, уларнинг тарихи ва маданияти бор.
“Биз ҳеч қачон бош стратегик ҳамкоримиз манфаатларини бузмаганмиз, доимо ҳурмат қилиб келганмиз ва ҳурмат қиламиз. Лекин бизни ҳам ҳурмат қилишларини истаймиз”, дедйи Раҳмонов.
У ҳозир Марказий Осиёга нисбатан собиқ Совет Иттифоқидагидек сиёсат юритилмаслиги керак деган фикрда.
“Ҳар бир давлатнинг ўз муаммолари, ҳар бир давлатнинг ўзига хос анъана ва урф-одатлари бор. Биз олтин ўрталикни топишимиз, ҳар бир республика билан алоҳида ишлашимиз керак”, деди Тожикистон Президенти.
Ўз навбатида, Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев Совет Иттифоқида иттифоқ республикалари, автоном республикалар, миллий ҳудудларни ривожлантиришга катта эътибор берилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу, айниқса, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида яққол намоён бўлган.
“Деярли барчамиз Совет даврида, жумладан, Москва, Ленинград ва Россиянинг бошқа шаҳарларига саёҳатлар билан таълим олганмиз. Иттифоқ республикаларида таълим даражаси жуда юқори эди”, дейди Тўқаев.
Тасодифий хабарлар
Москва вилоятида ёнғин: 4 киши ҳалок бўлди. Улар ўзбекистонлик бўлиши мумкин
Нетаньяху сулҳдан сўнг Ғазода урушни қайта бошлашга ваъда берди – WP
Самарқандда топиб олинган шер боласи бўйича расмий маълумот берилди
Аҳмад Масъуд Имомали Раҳмондан ёрдам сўради
2021 йилда порахўрлик 3 баробарга ортиб, моддий зарар 1,3 трлн сўмга етган. Наманган вилоятида ҳам энг ёмон кўрсаткич қайд этилган.