Қамаши тумани ҳокими Шерали Санаевдан калтак еганини айтган Зиёдулла Жабборов ишини вилоят прокуратураси ўрганади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Ҳокимлик ахборот хизматининг хабар беришича, қамашилик фермер Зиёдулла Жабборовнинг ҳокимдан калтак егани айтилган мақола эълон қилингач, вилоят раҳбари Зоир Мирзаев Қамаши туманида бўлган ва ҳолатни ўрганган.
«Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вилоят ҳокими Зоир Мирзаев бугун Қамаши туманида бўлиб, вазиятни ўрганди ва мақоладаги важлар асоссиз деб топилди. Керак бўлса, фермер экспертизадан ўтказилиб, ҳолат ёлғон экани аниқланган тақдирда тегишли тартибда қонуний жазоланиши таклиф этилди. Ҳолат тўлиқ вилоят прокуратураси томонидан ўрганиладиган бўлди», — дейилади ҳокимлик ахборот хизмати тарқатган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, «Дарё»га мурожаат қилган фермер ҳоким Шерали Санаев уни калтаклаган пайтда воқеа жойида туман прокурори, туман ИИБ бошлиғи, Солиқ инспекцияси раҳбари, ҳудуд профилактика инспектори ҳамда яна бир фермер борлигини маълум қилганди.
Воқеани тасдиқлаган прокурор Ҳусниддин Бобомуродов ҳокимнинг фермерга қўл кўтарганини рад этган бўлса, ИИБ профилактика инспектори Ғиёс Эрназаров ҳамда шахси очиқланишидан қўрққан яна бир фермер Зиёдулла Жабборовнинг ҳоким томонидан калтакланганини тасдиқлаганди.
Тасодифий хабарлар
ИШИД террорчиси Ўзбекистонга олиб келинди
ОАВ: Юлдуз Усмонова ТВда "запрет"га учради
Каримова билан бир қамоқхонада бўлган аёл унинг яшаш тарзи ҳақида гапирди
Ўзбекистон аҳолиси қанчага етгани маълум қилинди
Тошкентдан Навоийга учган самолёт ортга қайтишга мажбур бўлди