Судья чет элда ишлаётган кўпгина ўзбек аёлларини фоҳишага чиқарди

Судья чет элда ишлаётган кўпгина ўзбек аёлларини фоҳишага чиқарди

Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судьяси Дурдона Дадахонова хорижда ишлаётган кўпгина ўзбек аёлларини тўғридан-тўғри фоҳишага чиқарди. Унинг Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Telegram’даги каналида тарқатилган чет элда фоҳишалик билан шуғулланаётган аёллар ҳақидаги мақоласи шундай сўзлар билан бошланади:

“Кўпгина ўзбек аёллари четга ишга бориб нима иш билан шуғулланганини сўрасангиз “энагалик қилдим”, деб жавоб беради. Аслида эса танини сотиб, фоҳишалик қилган бўлади ёки ёш қизларни четга олиб бориб фаҳш ишларни қилишга ундаган бўлиб чиқади”. 

Шу ўринда савол туғилади: қизиқ, судья ўша аёллар “энагалик қилдим”, деб фоҳишалик билан шуғулланаётганини қаердан билди экан? Ё уларнинг тепасида томошабин бўлиб турганми? У бу қадар аниқ ва ва қатъий фикрларни қайси асосларга кўра ўртага ташламоқда. Яна мақолада айрим эмас, балки кўпгина ўзбек аёллари хусусида сўз бормоқда. 

У ўз мақоласида асли наманганлик Толиба Қосимова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳақида сўз юритади ва шундай ёзади:

“Бир муддат у ҳам Туркияга бориб энагалик қилганлардан. Кейинчалик бу иш жонига тегдими, Ўзбекистонлик қизларни Истанбулга чорлаб, фоҳишалик қилишга мажбурлади.  Бу ишда унга шаърий никоҳдаги эри Равшан Маҳмудов кўмак берди.

Бу  иккала уюшган гуруҳ аъзоларидан бир неча ўзбек қизлари жабр кўрган. Ана шулардан бири Гулнора Азимовадир. Унинг сўзлаб беришича, 2016 йилнинг апрель ойида Толиба билан интернет тармоғи орқали танишиб қолган. Толиба Гулнорага Туркияга келиб ишлашни, мўмай даромад топишини таклиф қилади. 

Шундан сўнг, Гулнора Толибага фуқаролик паспорти ва суратини Telegram орқали юборади. Толиба унга Тошкент-Истанбул рейсига авиачипта олиб беради. 2016 йил 21 июнь куни у Истанбул шаҳрига учиб боради. Аэропортда уни Толибанинг ўзи кутиб олиб, ўзи яшайдиган хонадонга етаклайди. 

– Мени  уйда Толибанинг қозоғистонлик Дилбар исмли  жияни, турмуш ўртоғи Равшан акалар кутиб олишди – дейди Г.Азимова, – Шу куни Толиба мени дўконга олиб бориб, кийим кечаклар сотиб олиб берди. Шундан сўнг 15 кун давомида текинга, авиачипта ва бошқа харажатлар учун ишлаб бердим. Биз яшайдиган кўп қаватли уйда "Жахан" исмли турк фуқаросининг бир-нечта хонадонлари бўлиб, Дилбар билан бир хонадонда фоҳишалик билан шуғуллана бошладик. Бир кунда ҳар-хил мижозни қабул қилардик.

Бир куни Толиба менга  бошқа таниш қизлар бўлса, ишга чақиришни сўради. Дугонам Умида билан гаплашиб, унга Туркиянинг Истанбул шаҳрига келиши нияти бор-йўқлигини сўрадим. Толиба интернет орқали Умида билан гаплашиб, уни ҳам Туркияга чақиртирди.

2016 йилнинг август ойида Умида Файзиева ҳам Туркияга келиб, улар яшаётган фоҳишахонага келиб қўшилади. Ҳар куни бир хил иш бўлгани учун  қизлар қийналиб кетишади. Айрим пайтлари иш ҳақи қизларга берилмасди. Умида норози бўлиб, уйга қайтишини айтди. Аммо Толиба кетишга рухсат бермади. Ва ниҳоят, 2016 йил сентябрь ойида Ўғилой Ўзбекитсонга қайтиб келди. 

Уюшган жиноий гуруҳ раҳбари Т.Қосимованинг вазифасига Ўзбекистон Республикасидан ёш қизларни Туркия давлатида ишлаб яхши маош олишлигини айтган ҳолда уларни Туркия давлатига келишига қизиқтириш, сўнг ўзи ва уюшган жиноий гуруҳ аъзоси Р.Маҳмудов билан бирга жабрланувчиларга Туркия давлатига келиши учун авиачиптани олиб бериши ва бевосита шу йўл билан уларни Туркия давлатига кириб келишига эришганлар.

Уюшган жиноий гуруҳ иштирокчилари 2015-2016 йиллар давомида Туркия давлатининг Истанбул шаҳрида Наманган вилоятида яшовчи дастлабки тергов даврида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган “Дилшода” ва “Дилдора” исмли қизларни интернет тармоғидаги сайтга жойлаштириб, ушбу сайтга Толибанинг телефон рақамини ёзиб, мижозларни жалб қилиб, қизларни шаҳвоний мақсадларда эксплуатация қилиб фойдаланиб келганлар. 

Жиноий гуруҳ аъзолари 2017 йил 16 февраль куни яна бир ватандошимиз Д.У.ни Тошкент-Истанбул йўналиши бўйича расмийлаштирилган электрон авиачипта олиб бериб, аэропорт орқали Ўзбекистон Республикасидан Туркия давлатига чиқартириб юбормоқчи бўлганларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинади.

Судда Т.Қосимова ва Р.Маҳмудовлар айбларига тўлиқ иқрорлик билдирди. 

Суд ҳар иккаласига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “г” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади”.

Юқоридаги исмлари тўқима бўлган бу воқеанинг қанчалик тўқима эмаслигига қоронғу. Аммо, қонун ҳимоячиларининг ўзи қонунни бузмай, мақолалар битишда сўзларни чертиб танлашса, номақбул хатти-ҳаракатлар қилган бир неча нафар ёки айрим аёлларни деб чет давлатда ҳалол меҳнат билан пул топаётган ўша айтилган "кўпгина ўзбек аёллари" номини булғамасликни сўраган бўлар эдик. Ҳар ҳолда судьясиз, дейди "qalampir.uz".

×