Россия Президенти Владимир Путин яқин ойларда Украинанинг босиб олинган жануби (Херсон ва Запорожье вилоятлари) ва шарқини (Донецк ва Луганск вилоятларини) тўғридан-тўғри Россия Федерацияси таркибига қўшиб олмоқчи. Бу ҳақда Америка урушни ўрганиш институти ISW ҳисоботида айтилади.
Институт тахминича, кейин Путин Россия ҳудудини ҳимоя қилиш учун ядро қуролидан фойдаланишга рухсат берувчи рус доктринаси ушбу янги қўшилган ҳудудлар учун ҳам тўғридан-тўғри ёки билвосита таъсир қилишини даъво қилади. Бу иддао ўз навбатида босиб олинган ҳудудларини озод қилиш учун қарши ҳужумга ўтадиган Украина ва унинг шерикларини ядро қуроли нишонига айлантиради.
Таъкидланишича, Путиннинг аннексия қилиш муддати Украинадаги рус армиясининг аҳволини қанчалик ёмонлашганини тушунишига боғлиқ бўлади.
Россия ҳарбийлари ҳали Путиннинг бутун Донецк ва Луганск вилоятларини назоратга олиш бўйича эълон қилган режаларини амалга оширгани йўқ ва буни амалга ошириши даргумон бўлиб турибди. Агар Путин ўзининг ҳарбий жиҳатдан кучсизлигини англаб етса, у аннексияга шошилиши ва ҳозирда Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудининг бир қисми устидан назоратни сақлаб қолиш учун тезда ядровий кучларни ишга солиши мумкин.
ISW агар Путин Россия қўшинлари қўшимча ютуқларга қодир деб ҳисобласа, у билан кўпроқ ҳудудни эгаллаб олиш умидида аннексияни кечиктириши мумкин, деб тахмин қилмоқда. Бундай ҳолда, унинг заиф раҳбарияти ва Украинанинг қарши ҳужумлари Россия армиясининг қулашига олиб келиши мумкин. Путин қўшимча кучларни сафарбар қилган ҳолда Россия ҳужумларини давом эттиришга ҳаракат қилиши мумкин. Бундай ҳолда, у аннексия тўғрисидаги эълонни кечиктириши мумкин, шу билан бирга қўшиб олиш учун кўпроқ ҳудудга эга бўлиш мақсадида қўшимча кучлар келишини кутади.
“Украина ва унинг ғарблик ҳамкорлари Кремль бу ҳудудни қўшиб олишидан олдин эҳтимол Украинанинг босиб олинган ҳудудига қарши ҳужумини қўллаб-қувватлаш учун тор имкониятларга эга бўлиши мумкин. Украина ва Ғарб ҳам ҳар қандай аннексия ва ундан кейин юзага келиши мумкин бўлган ядровий ҳужум таҳдидига мувофиқлаштирилган жавоб чораларини ишлаб чиқиши керак. Россиянинг Украина жануби-шарқининг йиллар давомида босқин остида қолишининг сиёсий ва ахлоқий оқибатлари Украина давлатининг узоқ муддатли яшовчанлиги учун ҳалокатли бўлади. Украина ва Ғарбнинг ҳаётий миллий манфаатлари Украинанинг зудлик билан қарши ҳужуми учун Ғарбнинг зудлик билан ёрдамини талаб қилади”, дея таъкидлаган америкалик таҳлилчилар.
Ҳисоботда қайд этилишича, Москва, шунингдек, Кремлнинг бошқа прокси-давлатлари, масалан, Жанубий Осетия (Грузия) ва Днестряни (Молдова) каби давлатларни аннексия қилиши мумкин.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Manba: Qalampir.uz
Тасодифий хабарлар
Registon maydonida “Sharq taronalari”ga tayyorgarlik boshlandi (foto)
Бугун БААга қарши муҳим ўйин. Футболчиларимиз қандай тайёргарлик кўрмоқда? (фото)
Энергетика вазирлиги метан заправкаларга газ етказиб бериш чекланганини рад этди
ТОП-5 чемпионат. Ушбу “weekend”да бизни қандай дербилар кутиб турибди?
Эшак гўштидан шашлик тайёрлаганлар қўлга олинди