Самарқандда 61 ёшли Нурали Мусинов эгасиз қолган ЗИЛ русумидаги бензин ташувчи юк машинасини тўхтатиб қолди ва улкан фожеанинг олдини олди. Бу ҳақда унинг қариндоши Шавкат Мусинов Facebook ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирган.
«Бу ҳолат Сўғдиёна массивида рўй берди. Амакимнинг исми-шарифи Нурали Қурбонович Мусинов. У одатий кунларнинг бирида Али Қушчи кўчасидаги темир йўл ўтиш қисми ортида жойлашган уйлар оралиғидан ўз машинасида чиқади. Шу вақт у тўсатдан бензин ташийдиган Зил-131 русумидаги юк машинаси тиббиёт коллежи томон ғалати ҳаракатланиб кетаётганини кўради. Машинани ҳеч ким бошқариб кетмаётганини кўрган амаким ўзини йўқотиб қўймайди ва ўз автомобилини ташлаб, югуриб чиқади», — дея ёзади Шавкат Мусинов.
Нурали Мусинов бор кучини ишга солиб, бензин ташувчи машинани қувиб етади ва кўплаб жароҳатлар олганига қарамай, юриб кетаётган машинага чиқиб олишнинг уддасидан чиқади. Нурали ака кабинага амаллаб ўтиб олгач, юк машинасини тўхтатади.
Маълум бўлишича, бензин ташувчи юк машинаси ҳайдовчиси икки дақиқага пастга тушган, аммо қайтганидан сўнг эгасиз қолган автомобили йўл бўйлаб ҳаракатланаётганини кўради. Ҳайдовчи машинани ортидан югуради, аммо қувиб етишнинг уддасидан чиқа олмайди. У жуда қўрқиб кетган эди, чунки цистернада бензин тўла бўлган, йўл бўйида эса бир неча машиналар тўхтаб турганди. Туғруқхона кўчасида одамлар бўлган. Агарда 61 ёшли Нурали Мусиновнинг жасорати бўлмаганда бўлажак фожеанинг кўламини тасаввур этишга ҳам қўрқади одам.
«Бундай қаҳрамонликни одатда фақат Голливуд фильмларида кўриш мумкин, оғир ҳаракатларни эса каскадёрлар бажаради. Бу ерда эса оддий, ҳамма қатори бир одам оғир вазиятга тушиб қолганда ўзини ўйламай, жасорат ва фидокорлик намойиш этди. У барчаси ўзига боғлиқ эканини тушуниб турган эди.
Афсуски шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаб ўтиш лозим, фожеа рўй бериши мумкин бўлган ўша ҳолат куппа-кундуз куни рўй берди. Атрофда эса томошаталаб одамлар хотиржамлик билан ҳаммасини кузатиб туришган эди», — дея ҳолатга баҳо беради Шавкат Мусинов.
САМАРҚАНД ҚАҲРАМОНЛИК
Тасодифий хабарлар
Болаларда айб йўқ
Судлар фаолиятида замонавий ахборот технологиялари жорий этиш ҳуқуқий асоси
Зўравонлик асосан кимлар томонидан содир этилиши айтилди
Ўзбек-қирғиз чегарасида нима бўлди? Ўқ узган ким?
Президент маслаҳатчисига биринчи ўринбосар тайинланди