9 нафар ҳоким ишдан олиниши мумкин

9 нафар ҳоким ишдан олиниши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб ҳудуд ва тармоқларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари юзасидан видеоселекторда иш ўринларини ташкил этиш, бандликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Президент бандлик дастури ижроси йиллик режага паст бўлган шаҳар ва туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари ярим йилда ўзгариш қилмаса, уларни ишдан олишини айтди.

Бунга фақат иқтисодий кўрсаткич сифатида эмас, балки халқимизнинг ижтимоий ҳимояси нуқтаи-назаридан қараш зарур ва шарт”, деди Президент.

Айрим вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан янги иш ўринларини яратиш ва бандликни таъминлаш бўйича режалар қониқарсиз бажарилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразмда январь-февраль ойларидаги бандлик дастури ижроси йиллик режага нисбатан паст.

Туман ва шаҳарлар кесимида Самарқанд, Термиз, Нурафшон, Зарафшон шаҳарлари, Амударё, Қоровулбозор, Денов, Қизириқ, Шовот туманларида 2 ойлик кўрсаткичлар қолган ҳудудлардан анча паст.

Хизматлар ва ҳунармандчиликда бандликни таъминлашда ҳам кўплаб туманларда ишлар қониқарсиз. Ярим йил якуни билан натижа бўлмаса, ушбу шаҳар ва туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари лавозимидан озод этилиши таъкидланди.

Шу билан бирга, бугунги кунда 67 та фаолият тури ўзини ўзи банд қилиш шаклига ўтказилган. Президент фаолият турларини яна 20 тага кўпайтириш ва бу орқали қўшимча 150 минг аҳоли бандлиги таъминлаш мумкинлигини кўрсатиб ўтди.

Вилоят ҳокимлари меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни қурилишларга жалб қилиш, уларга зарур асбоб-ускуналар олиб бериш учун субсидия ажратиш ҳисобига қўшимча 100 минг аҳолининг расмий бандлигини таъминлаши кераклиги таъкидланди. Бандликни таъминлаш учун янги механизмларни жорий этиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Дунё бозорларидаги ҳолат, хом ашё, ёқилғи ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсиб бориши, қўшни давлатлардан пул ўтказмаларининг камайиши аҳоли даромадларига кўрсатиши мумкин бўлган таъсирни ҳисобга олиб ва инфляция ҳисоб-китобларидан келиб чиқиб, эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш кўламини янада кенгайтириш бўйича таклифлар киритиш вазифаси қўйилди.

×