Фалокатга сабаб эҳтиётсизликми ёхуд қоидабузарлик: Наманганда ҳайдовчи бир аёлнинг умрига зомин бўлди

Фалокатга сабаб эҳтиётсизликми ёхуд қоидабузарлик: Наманганда ҳайдовчи бир аёлнинг умрига зомин бўлди

Транспорт воситаларининг кўпайиб бориши бу, ҳайдовчилар учун янада кўпроқ масъулият деганидир. Йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш, йўлларда юрганда ўта ҳушёрлик билан ҳаракатланиш мусибат ва ҳодисалардан асрайди.

Ўзининг юмушлари билан ишга шошаётган Сардор Жамолов (исм-шарифлар шартли) ҳам ана шу тартиб-тамойилларни бир дамга бўлсин чекламаганда эди, балки бир инсоннинг ўлимигиа сабабчи бўлмаган, бир умрлик виждон азобига қолмаган бўларди. У ўша машъум куни йўлдан ўтиб бораётган пиёда, 2 нафар фарзандларнинг онаси, Зиёда Ражабовани уриб юбориб оғир тан жароҳати етказади.

Табиийки савол туғилади: хўш, ҳайдовчи С.Жамолов амалдаги "Йўл ҳаракати қоидалари"нинг қайси талабларини бузган?

"Йўл ҳаракати қоидалари"нинг 11-банди "г" кичик бандида "транспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳаракатланиш жараёнида пиёдалар, айниқса, болалар, ногиронлар, қариялар ва велосипедчиларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўриши шарт", 12-банди 1-қисмида "ҳайдовчига транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариши тақиқланади", 77-бандида "ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлиги, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳи­собга олган ҳолда транспорт воситаси тезлигини белгилангандан оширмасдан бошқариши зарур. Тезлик ҳай­довчига ушбу қоидалар талабларини бажариши учун транспорт воситасининг ҳаракатини доимий назорат қи­либ бориш имкониятини бериши керак. Ҳаракатланиш вақтида ҳайдовчи аниқлай олиш имкония­тидаги хавф юзага келса, у транспорт воситасининг тезлигини тўла тўхтатишни таъминлайдиган даражада камайтириши ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кў­риш керак" деб қатъий белгилаб қў­йилган.

Судланувчи С. Жамолов ана шу қои­даларга амал қилмасдан эҳтиётсизлик ва қои­дабузарлик содир этгани бир аёлнинг ҳаёти бевақт завол топишига сабаб бўлди.

Албатта, Сардор жабрланувчи аёлни шифохонага етказиб, зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилишига эришади, аммо...Йигирма кун икки олам оралиғида жон талашиб ётган аёлни сақлаб қолиш имкони бўлмайди.

Оилага келтирган мусибат учун тиббий (моддий), руҳий, маънавий зарарларини қоплаб, айбдор сифатида уларнинг ёнида бўлишга уринган Сардор афсуски минг уринганда ҳам бир инсон ҳаётини қайтариб беришга қодир эмас!

Суд, Сардор Жамоловга оид жиноят ишини ўрганар экан, жабрланувчи ҳамда унинг оиласига кўрсатган ёрдами, қилмишидан чин дилдан пушаймонлиги, кейинги даврда ҳам мусибат кўрган оилага моддий-маънавий ёрдам бериб бориши, унга нисбатан жарланувчи вакилининг ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ва бошқа омилларни эътиборга олган ҳолда ҳукм чиқарди.

Ким бўлмайлик йўлларда ҳаракатланишнинг амалда белгилаб қўйилган қоидаларига қатъий риоя қилишимиз ўзимиз ва ўзгалар соғ­лиғи ҳамда ҳаёти хавфсизлигининг кафолати эканини доимо ёдда тутишимиз шарт.

Дилмурод Мадаминов,

Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди раиси

×