Путиннинг суҳбатини олган Макрон хавотирли башорат қилди

Путиннинг суҳбатини олган Макрон хавотирли башорат қилди

Россия Президенти Владимир Путин Франция етакчиси Эммануэль Макрон билан телефон орқали суҳбатлашди ва Украина расмийларининг музокараларни кечиктиришга уринишлари Москванинг янги талабларини пайдо қилишини таъкидлади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берган.  

“Путин Киев вакиллари билан музокаралар контекстидаги фундаментал ёндашувлар ва шартларни батафсил баён қилди”, дейилган хабарда. 

Шу билан бирга, Путин Макроннинг Франция халқига мурожаатида айтилган кўплаб фикрларга қўшилмаслигини таъкидлаган. 

“Бу, хусусан, Эммануэль Макроннинг Россия Украинада нацизмга қарши курашаётгани ҳақидаги “ёлғон” баёнотига тааллуқлидир. Шу муносабат билан Киевнинг давлат сиёсатида неонацистларнинг муҳим роли ҳақида асосли тушунтиришлар берилган”, дейилган матбуот хизмати хабарида. 

Россия раҳбари гуманитар муаммоларни ҳал қилишда хорижий ҳамкорлар билан ишлашга тайёрлигини тасдиқлаган ва Макронни хорижликларни Украинадан хавфсиз эвакуация қилиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирган. 

“Хусусан, Украина хавфсизлик кучлари томонидан гаровга олинган Харьковдаги ҳиндистонлик талабаларнинг катта гуруҳи ҳақида гап борди. Эммануэль Макрон Киев раҳбарияти билан тегишли ишларни олиб боришга ваъда берди”, дея қўшимча қилган Кремль. 

Путин россиялик ҳарбийлар тинч аҳоли ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилаётганини таъкидлаган.

“Юқори аниқликдаги қуроллар фақат ҳарбий инфратузилмани йўқ қилиш учун қўлланилади. Давом этаётган ракета ҳужумлари ва Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларини бомбардимон қилиш ҳақидаги даъволар ҳақиқатга тўғри келмайди, улар Россияга қарши дезинформация кампанияси элементлари ҳисобланади”, деган Президент. 

Путин Россия “миллатчилик тузилмалари жангариларига” қарши муросасиз курашни давом эттиришини қўшимча қилган. 

“Махсус ҳарбий операция топшириқлари ҳар қандай ҳолатда ҳам бажарилиши, музокараларни чўзиш орқали вақт ютишга уриниш бизнинг музокара позициямизда Киевга қўшимча талаблар қўйишга олиб келиши таъкидланди”, дейилган Кремль хабарида.

Макрон Путин билан музокарадан сўнг Украинадаги вазият янада ёмонлашиши мумкинлигини айтган. 

“Республика Президенти энг ёмони ҳали олдиндалигини айтмоқда, Путиннинг ҳеч бир гапи ишонтирмаганини ҳисобга олсак, у қатъий эди”, дейилган Франция манбаси хабарида.

×