Ўзбекистон Жаҳон чемпионатидан қанча ишлаб олади?

Ўзбекистон Жаҳон чемпионатидан қанча ишлаб олади?

Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўл олган Ўзбекистон миллий терма жамоаси фақатгина турнирга тайёргарлик учун 1,5 млн доллар олиши мумкин. Охирги, 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтган мундиалда жамоаларга ажратилган пуллардан келиб-чиқиб, QALAMPIR.UZ Ўзбекистон навбатдаги Жаҳон чемпионатидан қанча даромад олиши мумкинлигини ўрганди.

Маълумотларга кўра, 2022 йилда Қатар яшил майдонларида ўтган мундиалнинг умумий соврин жамғармаси 440 миллион доллар бўлган. Шундан 1,5 миллион доллар жамоаларнинг турнирга тайёргарлик кўриши учун берилса, гуруҳ босқичида қатнашганлик учун яна 9 миллион доллар тўланган. Демак, ушбу мусобақага йўлланмани қўлга киритган ҳар қандай жамоа 10,5 млн долларни нақд қилади.

Агар Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳ босқичида мувафаққиятга эришиб, кейинги босқич – нимчорак финал масаласини ҳал қилса, 13 миллион доллар олади. Чорак финал иштирокчиларига эса 17 миллион доллар берилади.

Шунингдек:

  • 4-ўрин эгаси – 25 миллион доллар;
  • 3-ўрин эгаси – 27 миллион доллар;
  • финал иштирокчиси – 30 миллион доллар;
  • турнир ғолиби – 42 миллион долларга эга чиқади.

Шундай қилиб, агар Ўзбекистон миллий терма жамоаси турнир ғолиблигини қўлга киритса, 42 миллион доллар даромад олиши мумкин.

Қайд этиш жоиз, мукофот пуллари асосан стадион даромадлари, телеэшиттириш ҳуқуқидан тушган маблағлар, реклама ва бошқа манбалар ҳисобидан ҳам келади. Йиллар давомида бу манбаларнинг ҳеч бирида пул оқими пасаймаган. Юқорида айтилганидек, 2022 йилги FIFA Жаҳон чемпионати ғолиби 42 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пулини қўлга киритган. Бу эса 2018 йилги мусобақага нисбатан 4 миллион долларга кўпроқ.

Қатар-2022 учун ажратилган умумий мукофот жамғармаси 440 миллион долларни ташкил этди ва бу 32 жамоа ўртасида тақсимланди. Россия-2018 мусобақасида эса бу сумма 400 миллион доллар бўлган, шундан 38 миллион доллар финалда Хорватияни мағлуб этган Францияга берилган.

Жаҳон чемпионатидаги мукофот жамғармаси ҳар галги турнирда ошиб бормоқда. Масалан, 1982 йилда жами 20 миллион доллар 24 жамоа ўртасида тақсимланган бўлса, 2022 йилги мусобақада бу кўрсаткич 22 баробар ошган.

Бундан ташқари, жамоалар турнир давомида турли таниқли брендлар ва компаниялар билан ҳамкорлик қилиши ва улардан ҳам даромад олиши мумкин. Ушбу пуллар ҳам мамлакат Футбол ассоциацияси ғазнасини маълум даражада бойитади. Шунингдек, турнирда иштирок этиш мамлакат имижининг танилишига ҳам кўмаклашади.

Маълумот учун, Ўзбекистон МТЖ эртага, 10 июнь куни Жаҳон чемпионати саралашининг сўнгги ўйинида Қатарга қарши баҳс олиб боради. Ушбу учрашувдан сўнг “Бунёдкор” стадионида ўзбекистонлик футболчи ва мураббийларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Хусусан, уларга BYD автомобиллари топширилади.


×