Президентнинг янги фармони: кўп пиёда юрганга кўп пул тўланади

Президентнинг янги фармони: кўп пиёда юрганга кўп пул тўланади

Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш бўйича охирги йилларда бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Ушбу ҳужжатлар доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида охирги уч йилда спорт билан шуғулланувчи умумий аҳоли сони 4,8 млн нафардан (14,7 фоиз) 5,6 млн нафаргача (16,5 фоизга), шу жумладан, спорт билан шуғулланувчи 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 20,8 фоиздан 28,5 фоизга оширилди.

Спортчилар томонидан хорижий давлатларда ўтказилган жаҳон ва қитъа чемпионатлари, жаҳон кубоги каби нуфузли халқаро мусобақаларда жами 991 та медал (355 та олтин, 305 та кумуш, 331 та бронза) қўлга киритилди.

Шу билан бирга, жаҳонда COVID-19 коронавируси пандемиясининг юзага келиши дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам мамлакатимиз аҳолисининг соғлиғи, жисмонан саломатлиги, соғлом ҳаёт кечириш даражаси заиф эканлигини кўрсатди.

COVID-19 коронавирус инфекцияси, аввало, юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари ҳамда семизлик (ортиқча вазн) касаллигига чалинган фуқароларимизнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатди. Натижада, бугунги пандемия орамиздан кўплаб фуқароларимизни бевақт дунёдан кўз юмишига сабаб бўлди.

Барчамиз бундан жиддий хулоса қилган ҳолда зарарли одатлардан воз кечиб, оммавий спорт билан доимий шуғулланиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилиш, хусусан, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини меъёридан ортиқ истеъмол қилмасликни, бир сўз билан айтганда соғлом турмуш тарзини кундалик хаётимизга киритишимиз зарур эканлигини бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Глобал пандемиянинг салбий оқибатларини юмшатиш ҳамда ҳар бир фуқарода жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларини шакллантириш орқали аҳолида касалликка қарши кучли иммун тизимини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармон билан:

1) аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда — юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, «Workоut» (маҳалла ва кўча фитнеси)ни спортнинг устувор турлари этиб белгилаш;

2) аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформасини яратиш.

Бунда:

бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг электрон ҳамёнига 3 минг сўм;

бир ойда бир марта туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўм, ҳудудлар бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 млн сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади;

(молиялаштириш аҳоли саломатлиги учун зарарли бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилардан махсус йиғим жорий этиш ҳисобидан амалга оширилади)

3) ҳар бир туман маркази ва шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари»ни ташкил этиш. Бунда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

пиёдалар ва велосипед йўлакларининг умумий узунлиги 3-5 кмни ташкил этиши ҳамда ўзаро узвий боғлиқ бўлиши;

замонавий, энерготежамкор (ҳаракат сенсорлари билан жиҳозланган) ёритиш тизимлари ва ёруғлик қайтарувчи, йўлакларнинг бошланиши, оралиғи ва якунини кўрсатувчи йўл белгилари билан тўлиқ таъминланиши;

пиёдалар ва велосипед йўлакларини барпо этишда алоҳида ҳаракатланиш имкониятларини яратиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун «тўсиқсиз муҳит» ташкил этиш;

4) ҳудудларда янгидан барпо этилаётган кўп қаватли турар жойлар қуриш бўйича тасдиқланган амалдаги шаҳарсозлик нормаларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш:

аҳоли сони ва уй-жойларнинг жойлашувини инобатга олган ҳолда, шунингдек, ташкилотларнинг тегишли ҳудудларида велосипед турар жойлари ва замонавий спорт майдончаларини ташкил этиш;

маҳаллалар, қишлоқлар, туманлар ва шаҳарларни боғловчи автомобиль йўллари, пиёда ҳамда велосипед юриши учун мўлжалланган «Саломатлик йўлаклари»ни қуриш;

5) 204 та туман (шаҳар)даги 9 146 та маҳалла фуқаролар йиғинида ҳар чоракда «Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла» танловларини ташкил этиш;

(танловда биринчи ўринни эгаллаган маҳалла 10 млн сўм, иккинчи ўрин учун 5 млн сўм ва учинчи ўринга 3 млн сўм миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Пул мукофоти маҳаллаларда спорт майдончаларини ташкил этиш ва уларни жиҳозлашга йўналтирилади)

6) мактабгача ва умумтаълим муассасаларини бирламчи спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминлаш;

(ушбу мақсадлар учун 2021 йилда 6 021 та мактабгача таълим ташкилотига 2 млн сўмдан, 9 942 та умумтаълим муассасасига 5 млн сўмдан ажратилади)

7) давлат органлари ва ташкилотларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб:

меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга «Спорт тарғиботчиси» қўшимча вазифасини юклаш ва унинг иш ҳақига 20 фоиз миқдорда устама белгилаш йўлга қўйилади;

иш вақтидан сўнг ҳафтада камида бир марта раҳбар ва барча ходимлари жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари (югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқалар) билан шуғулланиши таъминланади;

ҳар шанба куни соат 14:00 дан сўнг ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқа спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади;

биринчи раҳбарлар «Шахсий намуна» тамойили асосида ўзларининг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасини, вазн индексини камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш) яхшилаш орқали ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларининг яхшиланишига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади;

8) давлат органлари ва ташкилотларининг касаба уюшмалари ва иш берувчилари ўртасидаги жамоа шартномаларида:

иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари;

технология, ишлаб чиқариш ва иш шароитларидан келиб чиқиб, ходимларига ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларини бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффусларни белгилаш жорий этилади;

9) умумтаълим, профессионал ва олий таълим муассасаларида дарслар оралиғида (катта танаффус вақтида) «Спорт дақиқаси» жисмоний машқлари, дарслар бошланишидан олдин 2 дақиқа нафас олиш машқларини ўтказиш амалиётга жорий этилади;

10) умумтаълим мактабларида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб барча синфларда жисмоний тарбия фанини ҳафтада 2 соатдан ўқитиш ташкил этилади.

  1. Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш имконияти яратилади:

туман (шаҳар) ва маҳаллаларда жисмоний тарбия-соғломлаштириш инфратузилмаси шакллантирилади;

(9 146 та маҳаллада 18 292 та жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт майдончалари, 2021-2022 йилларда 204 та туман (шаҳар)да жами 831 км пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади)

таълим муассасаларининг спорт инфратузилмаси ривожлантирилади;

(2021—2025 йиллар давомида 600 та умумтаълим мактабида спорт заллари қурилади, спорт инвентарлари билан жиҳозлаш учун ҳар йили 9 942 та мактабга ҳамда 6 021 та мактабгача таълим ташкилотига зарур маблағлар ажратилади)

аҳолининг барча қатламлари, айниқса, болалар ва ёшлар орасида спорт тарғиботи кучайтирилади:

а) боғча ёшидаги болалар «Болаликдан спортга», «Тонгги гимнастика» каби спорт машғулотларини ўтказиш натижасида соғломлаштирилади;

б) умумтаълим мактабларида «Биз билан бажар, биздек бажар, биздан яхшироқ бажар!», «Қувноқ стартлар» синфлараро спорт мусобақаларини ўтказиш натижасида спорт билан шуғулланувчи ўқувчилар сони ошади;

в) оилалар ўртасида ўтказиладиган «Отам, онам ва мен — спортчилар оиласи!» спорт мусобақаларини ўтказиш натижасида оммавий спорт билан шуғулланувчилар сони 6,1 млн.га ошади.

2025 йилга қадар жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳолининг умумий сони камида 30 фоизга етказилади.

×