Рус олигархлари Украинага босқин ортидан $83 млрдга камбағаллашди

Рус олигархлари Украинага босқин ортидан $83 млрдга камбағаллашди

Биржадаги пасайиш туфайли россиялик олигархларнинг бойлиги 2022 йил бошидан буён ўнлаб миллиард долларга камайди, деб ёзмоқда “Bloomberg”.

Нашр томонидан тузилган “Миллиардерлар индекси” маълумотларига кўра, дунёнинг 500 та энг бадавлат кишилари рўйхатидаги 22 нафар россиялик жами 83 миллиард доллар йўқотган.

Лондон фонд биржаси маълумотларига кўра, 28 февраль куни Россиянинг айрим компаниялари, жумладан “Новатэк” ва “Северсталь” акциялари ўз қийматининг ярмидан кўпини йўқотди. Қимматли қоғозларнинг пасайиши АҚШ, Буюк Британия ва ЕИ томонидан Россияга қарши янги санкциялар пакети киритилиши ортидан содир бўлди.

“Лукойл” бош директори Вагит Алекперовнинг бойлиги қарийб 13 миллиард долларга қисқарган, бу россиялик миллиардерлар орасида энг катта пасайишдир. 28 февраль куни Лондон фонд биржасида унинг нефть компаниясининг акциялари 62,8 фоизга арзонлашган. Бизнесмен Геннадий Тимченко бойлигининг деярли ярмидан — 10,6 миллиард доллардан маҳрум бўлган.

“Новатэка” компанияси эгаси Леонид Михельсон 10,2 миллиард доллардан айрилди. “Evraz” пўлат компанияси ва “Челси” футбол клуби акциядори Роман Абрамович 5 миллиард доллар йўқотди. Февраль ойи охирида тадбиркор клуб бошқарувини худди шу номдаги хайрия жамғармаси васийларига топширди.

Ғарб санкциялари Алишер Усмонов, Михаил Фридман, Пётр Авен, Алексей Мордашов, Николай Токарёв ва Александр Пономаренко каби йирик тадбиркорларга ҳам таъсир кўрсатди. 28 февраль куни Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс Британия расмийлари россиялик олигархларнинг мулки ва яхталарини тортиб олиш ниятида эканини айтди. 1 март куни Михаил Фридман "Veon" телекоммуникация холдинги директорлар кенгашини тарк этиши, Александр Пономаренко эса "Шереметево" аэропорти директорлар кенгаши раиси лавозимини тарк этиши маълум бўлди.

×