АДОЛАТ БОР ЭКАН-КУ

АДОЛАТ БОР ЭКАН-КУ

Оқила суд биносининг фуқаролар кутиш залида ҳаёл суриб  ўтирибди, қаттиқ ҳаяжонда. Бундан икки йил олдин биринчи марта судга келганди. Унда ҳам ҳаяжоланган эди, лекин бу қадар қаттиқ ҳаяжонланмаган эди.

Куни кеча ҳам судда уларнинг турмуш ўртоғи билан никоҳдан ажратиш масаласи кўрилганда ҳам, бу қадар тўлқинланмаган эди. Лекин ҳозир эса миясига келаётган ўй, ҳаёллардан, фарзандини, жигарбандини унда олиб қўйишлари мумкин деган фикрдан ваҳимага тушиб қолган эди. Уни ҳуқуқларини судда ҳимоя қиладиган адвокат унга қанча таскин бермасин, ҳаяжон ва ваҳимадан бутун жисми безовта, хатто қўллари ҳам қалтирарди.

Собиқ турмуш ўртоғи Дилмурод билан бир-бирларини севиб, синаб 2016 йил оила қуришди, аввалига ҳаммаси рисоладагидек эди. Лекин оилани тутиб турадиган буюк неъмат бу фарзанд экан. Оз эмас, кўп эмас роса тўрт йил кутишди, лекин худо уларга фарзанд бермади. Бормаган шифокори, кўринмаган табиблари қолмади, охири “туғмас” деган ном олди.

Унинг турмуш ўртоғи билан муносбатлари яхши бўлса-да, секин-секин аста оиладигиларнинг унга нисбатан муносабатлари ўзгара бошлади, айбни ўзидан деб билиб, оиласини сақлаб қолиш учун турмуш ўртоғининг, қайнона-қайнотасининг, оиладиги кичигидан каттасигача ҳамма-ҳаммасининг хизматини елиб-югуриб қилди.

Турмуш ўртоғининг фарзанд асраб олиш ҳақидаги фикри унга жуда ҳам маъқул тушди. Аввалига қайнона-қайнотаси қаршилик қилишди, лекин кейин улар ҳам фарзанд асраб олишларига розилик беришди.

Қайнонаси узоқроқ қариндоши бешинчи фарзандига хомиладорлигини, уларнинг моддий шароитлари оғирлигини, агар фарзанд туғилса фарзандликка беришга рози эканлиги ҳақида гап топиб келди.

Бола ҳам туғилди. Боланинг ота-онаси Нодира ва Жамолларни рози қилиб, болани туғруқхонадан уйларига олиб келиб, парваришлай бошлашди. Оқила болага ўз фарзандидек бутун меҳрини берди.

Фуқаролик ишлари бўйича суднинг 2020 йил 25 июндаги ҳал қилув қарорига асосан 2019 йил 25 декабрда туғилган Диёрбек уларнинг оиласига фарзандликка берилди. Ўша вақтда хурсандчиликдан ҳеч қаерга сиғмас эди.

Лекин бола боқиш осон иш эмас экан, айниқса она сути бўлмаса, болани сунъий овқатлантириб катта қилиш жуда ҳам оғир экан. Оқила чақалоқ билан овора бўлиб, баъзи кечалари умуман ухламасдан чиқарди. Болага қараб, бошқа уй юмушлари қолиб кетар, аввалгидек ҳаммасига улгуролмай қолди. Бу бошқаларга ёқмасди албатда.

Турмуш ўртоғи ҳам ўзгариб қолди, у болага қандайдир меҳр бера олмади. Оилада арзимаган нарсалардан жанжаллар чиқара бошлади. Фарзандлари олти ойлик бўлганда, Дилмурод Росия давлатига ишлаш учун кетди. У Россияга кетганидан кейин, улар яна ҳам узоқлашиб кетишди. Қулоғига ҳар хил гаплар етиб кела бошлади, “Дилмурод Россияда бошқа оила қурган эмиш, янги хотини ҳомиладор эмиш” шунга ўхшаш гаплар. Қайнонасининг унга қилаётган зуғумларидан, кесатик гаплардан бутунлай ҳаловати йўқолди.

Уйдан чиқиб кетишга мажбур бўлди, улар болани олиб қолишмоқчи бўлди, лекин болани бир илож қилиб, ўзи билан бирга олиб кетди. Ҳозир ота-онасиникида яшайди, ўзига ҳам фарзандига ота-онасининг уйида ҳамма шароитлар етарли, ота-онаси, сингиллари унга ҳар томонлама кўмаклашади, бор қийинчиликлар ҳам ортда қолди.

Бу ҳаётнинг яна қандай синов бўлди, Нодира унга ва турмуш ўртоғи Дилмуродга нисбатан фарзандликка олишни бекор қилиш ҳақида судга даъво ариза киритибди...

Бирдан судья ёрдамчисининг уларнинг суд залига киришлари кераклиги ҳақидаги чақириғи уни сергаклантирди.

Судда Нодира болани қариндоши Дилмурод учун берганлигини, энди улар бирга яшамаётганлигини, Дилмурод болани қайтариб беришга розилигини, бутунлай бегона аёлда фарзандини қолдира олмаслиги ҳақидаги важларни келтириб, фарзандликка олишни бекор қилишни сўради.

Дилмурод судда бола уларнинг оиласини сақлаб қола олмаганлигини, фарзандликка олинган болани боқишдан бўйин товлашини билдириб, болани биологик ота-онасига қайтариб беришни сўради.

Турмуш ўртоғининг суд мажлисида берган кўрсатмаларидан ҳайрон қолди, одам ҳам шунчалик ўзгариб кетиши мумкинми? Ахир фарзанд асраб олиш ҳақидаги фикр ундан чиққан эди-ку.

Оқилага сўз навбати берилганда, ўзини зўрға қўлга олиб, йиғламасликка ҳаракат қилиб, фарзанди учун ҳамма нарсага тайёрлигини, бола ҳозир икки ёшдан ошганлигини, фарзанди баркамол вояга етиши учун ҳамма шароитларни қилиб бериши ҳақида тушитириш бериб, болани ундан олиб қўймасликларини суддан ўтиниб сўради.

Суд маслаҳатхонадан чиқиб, вояга етмаган Қодирова Оқилани ўз онаси деб билишини, болани ундан ажратиш болага салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини, Қодирова Оқила вояга етмаганни моддий таъминлаш ва тарбиялашдан бош тортмаганлигини, болани онаси сифатида ўз мажбуриятларини тўла-тўкис бажариб келаётганлигини, жавобгарлар бола манфаатларига зид ҳаракатлар содир қилмаганлигини, даъвогар ўзи рози бўлиб болани фарзандликка берганлигини инобатга олиб, даъвогарнинг фарзандликка олишни бекор қилиш ҳақидаги даъво аризасини рад қилинганлиги ҳақидаги ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттирди.

Оқилага Дилмуродга нисбатан алимент ундириш ҳақида судга даъво қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушинтирилди.

Оқиланинг қулоқлари бошқа нарсани эшитмас, лаблари “АДОЛАТ БОР ЭКАНКУ” деб пичирлар эди.

Умида Солиева,

Наманган вилоят суди фуқаролик

ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

×