Аввалроқ, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур мусулмонларнинг Янги йил байрамини нишонлаши бўйича мурожаат йўллагани ҳақида хабар берган эдик.
Унда мусулмонлар томонидан 1 январь кунини милодий сананинг янгиланиши сифатида Исо алайҳиссаломнинг таваллуд куни ёки бошқа этиқодларга боғламаган ҳолда нишонланишининг шаръан зарари йўқлиги айтилганди.
Шайх Абдулазиз Мансурнинг мурожаати жамоатчилик орасида муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди. Шундан сўнг у ўзининг айтганларига изоҳ сифатида навбатдаги мурожаатни эълон қилди. Унинг қайд этишича, илк интервьюда у бир соат давомида гапириб, фактлар асосида тушунтиришлар берган. Бироқ, интервью қисқартирилиб, тарқатилган. Жумладан Абдулазиз Мансур шундай дейди:
“Ҳурматли азиз тингловчилар! Ассалому алайкум ва Роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
Куни кеча милодий янги сана мавзусида эфир орқали бир чиқиш қилган эдим. Уни “Зиё” студияси бир соат ёзиб олган эди. Эшитувчиларга тушунарли бўлсин, деб мен далиллар билан манбаларини кўрсатиб, Ислом динимизни нуқтаи назаридан бу мавзуга қандай қаралганлиги тўғрисида бир соат изоҳ берган эдим. Лекин, афсуски, эртаси куни мана шу бир соатлик суҳбат беш дақиқага қисқартирилиб тарқатилибди, шу сабаб гаплар тушунарли бўлмай қолган. Шунинг учун халқимиз орасида, аҳолимиз ўртасида турли тушунмовчилик ва эътирозлар пайдо бўлди. Гўёки “Шайх Абдулазиз Мансур янги йилни кутишга рухсат берибди, бир-бирларини табриклашга рухсат берибди, янги йилни оқлаб фатво берибди”, деган ҳар хил шов-шув гаплар тарқалди. Бу гаплар менга етиб келди. Эътирозларни хаммасидан хабарим бор.
Шунинг учун, ҳозирги чиқишимда мана шу эътирозларга ўз муносабатимни билдириб, изоҳ бермоқчи эдим.
Янги йил, янги йилни кутиш ёки табриклаш ёхуд байрам қилиш каби амаллар бизнинг муқаддас Ислом динимиз манбаларида ҳеч қаерда кўрсатилмаган. У йўқ нарса. Манбада янги йилни, у қайси янги йил бўлишидан қатъи назар, ҳаттоки ҳижрий йилни ҳам кутиб олинсин, деган гап йўқ.
Шундай бўлгандан кейин мен қанақасига дини Ислом манбаларида аҳкомларида, шариатимизда йўқ нарсани халққа тарғиб қиламан?!
Мен буюк устозларни кўрган, уларнинг тарбиясини олган бир аҳли илм одамиман. Мен кўрмаган нарсам бўлса, аниқламаган нарсам бўлса, манбаларини аниқ билмасам, кўнглим дилим таскин топмаса, у гапларни гапирмайман.
Тушунмовчиликни ислоҳ қилиб, тузатиб қўймоқчиманки, янги йилни кутиб олиш ёки табриклаш – бу нарсалар бизнинг Ислом динимизда йўқ. Бу одат дунёвий одат бўлиб келаётган нарса. Буни динга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шу нарсаларни эшитиб халқимизга жавоб қиляпман, лекин бу нарсалар кифоя қилмаяпти.
Шу сабабли мен халқимиздан, эшитувчилардан илтимос қиламанки, бизларни тўғри тушунинглар. Ислом динимизни қўлдан келганча ўрганиб халқимизга етказишни ният қилганмиз. Мана шу олган илмларимизни, йиққан китобларимизни фақат Ислом дини йўлида, халқимизни эътиқоди йўлида сарфлашни ният қилганмиз. Шунинг учун Аллоҳ бундай тушунмовчиликлардан, залолатдан ўз паноҳида асрасин. Ҳидоят узра барчаларимизни собит қадам қилсин”.
Суннатилла Абдуллаев
Тасодифий хабарлар
Депутат вазирлик биноси яқинида автоматдан 20 та ўқ узди
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси камайди
Мирзиёев ва рафиқаси Сеулдаги миллий қабристонга борди
Мактабларда ремонт учун пул йиғилиши тўғрими?
Ўзбекистонда бозорлар ҳафтада бир марта дезинфекция учун ёпилади