МАЪМУРИЙ СУДЛАРДА ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУН НОРМАЛАРИНИ ҚЎЛЛАНИШИ

МАЪМУРИЙ СУДЛАРДА ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУН НОРМАЛАРИНИ ҚЎЛЛАНИШИ

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одилсуд алоҳида ўрин тутишини эътиборга олган ҳолда, суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.

Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғ­рисида”ги Фармони қабул қилиниши суд-ҳу­қуқ­ исло­ҳат­ларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратди.

Ушбу ислоҳотларни амалга ошириш учун куни кеча тегишли қодексларга қўшимча ва ўз­гартиришлар киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари қабул қилинди.

Жумладан, “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 2021 йил 12 январда Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган.

Унга кўра, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, эндиликда ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга, прокурор эса апелляция протести келтиришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга ҳақлидир, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.

Апелляция шикояти (протести) туманлараро маъмурий суднинг ҳал қилув қарори устидан берилганда — Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан;

ҳудудий ҳарбий суднинг ҳал қилув қарори устидан берилганда — Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан берилганда — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.

Агар қонунда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.

Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан кассация шикояти, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар прокурори ёки уларнинг ўринбосарлари эса кассация протести беришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти беришга ҳақлидир, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.

Биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан берилган кассация шикояти (протести) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.

Кассация шикояти (протести) бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига берилади.

Кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин.

Мазкур ўзгартиришлар, ўз навбатида, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликлари олдини олади. Одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга, суднинг чинакам мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини тўлиқ таъминлашга, инвесторлар ҳу­қуқ­ларининг ишончли суд ҳимоясида бў­лишини таъминлашга, бир сўз билан айтганда, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича хал­қаро рейтинг­ларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади.

Одилжон Турдиев,

Наманган вилоят
маъмурий суди
судьяси

×