Қашқадарёда ака укасини боғлаб, ёқиб юборди

Қашқадарёда ака укасини боғлаб, ёқиб юборди

Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида оёқ қўллари боғланиб, ёқиб юборилган одам жасади топилди.

Билдирилишича, соат 19:20 да Ғузор туман прокуратурасига туман ИИБ навбатчилик қисмига “Пачкамар” МФЙ, Пачкамар қишлоғидаги эски гипс тош конидан ёши 30-35 ларда бўлган эркак жасади топилгани ҳақида хабар келиб тушган.

Шахси номаълум мурда оёқлари жуфт қилинган ҳолда тўпиқ соҳаси, сон соҳаси ва кўкрак соҳасидан сим билан иккала қўллари орқага қайрилиб боғланган, куйиш жароҳатидан вафот этган ҳолда топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2 ноябрь куни Ғузор туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қўлга олинган.

Тезкор-суриштирув давомида шахси номаълум мурда Ғузор тумани “Совлиғор” маҳалласида яшовчи 38 ёшли Э.А. экани, ушбу жиноятни содир этган фуқаро эса унинг 43 ёшли акаси Э.К. экани аниқланган.

Қайд этилишича, марҳум Э.А. маст ҳолда доимий равишда онаси С.Д.ни уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, жанжал қилиб келган. 31 октябрь куни соат 14:00 да маст ҳолда онаси билан яна жанжаллашиб, уни ҳақоратлаб уйдан чиқиб кетганини эшитган аканинг жаҳли чиққан. У укаси шу қишлоқдаги чойхонада синфдошлари билан спиртли ичимлик ичиб ўтирганини билиб, чойхонага бориб, укасини ўзининг бошқарувида бўлган «Gentra»да уйига олиб келган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, ака укасини уриб, қўл ва оёқларини сим билан боғлаб, шу куни соат 22:00 да қасддан ўлдириш мақсадида, ўзининг автомашинаси юкхонасига жойлаб, Ғузор тумани Пачкамар қишлоғидаги адирликка олиб бориб, устига бензин сепиб ёқиб юборган ва қасддан ўлдирган.

×