UzReport телеканали Давлат йўл ҳаркати хавфсизлиги хизмати билан ҳамкорликда «No Comment» дастурини тайёрлаш мақсадида Чилонзор туманидаги ЙҲТни тасвирга олиш вақтида тасвирчига қаршилик кўрсатилган. Ҳолат юзасидан судга юборилган ишда воқеа бутунлай бошқача акс эттирилгани сабаб телеканал тасвирчиси суд ҳукмидан норози. Бу ҳақда "Дарё" ёзмоқда.
Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 13 сентябрь куни Чилонзор тумани Муқимий кўчасида рўй берган йўл-транспорт ҳодисасини тасвирга олмоқчи бўлган UzReport телеканали операторига ЙТҲга тўғридан-тўғри алоқаси бўлмаган бир неча фуқаро тўсқинлик қилган.
Эълон қилинган видеодан кўриш мумкинки, икки нафар фуқаро ҳақоратли сўзларни ишлатиб, телеканал операторига ташланиб қолган. Таъкидланишича, мазкур фуқароларнинг агрессив хатти-ҳаракати оқибатида телеканал камераси яроқсиз ҳолга келган.
«Ҳар бир керакли бўлган ҳолатни тасвирга олишим керак, бу менинг вазифам. Тасвирга олаётганимда улар буни тушунмасдан, менга таҳдид қилишди ва воқеа жойида ўзларининг хатти-ҳаркатлари билан камерамни яроқсиз ҳолатга келтиришди», — дейди телеканал тасвирчиси Фаёз Бахтиёров.
Ҳолат юзасидан тажовузкор фуқароларга чора кўришни сўраб UzReport телеканали тасвирчиси ИИОга ариза ёзган. Кейинчалик Чилонзор тумани Маъмурий судининг 23 сентябрдаги иш бўйича қарори эълон қилинган.
«Суд чиқарган ҳукмдан норозиман. Чунки у ерда мени кўчада кетаётганимда икки нафар фуқаро билан жанжаллашганим ҳақида ёзилган, лекин мен ундан қониқмайман. Аризамда ҳам хизмат вазифамни бажараётганимда менга таҳдид қилишгани, камерамни сидиришгани ҳақида ёзганман», — дейди жабрланувчи.
Воқеа жойида бўлган ички ишлар участка нозирининг судга тақдим этган баённома, ариза ва билдиргиларида ишнинг баёни бутунлай бошқа кўринишда бўлган. Бу кейинчалик ДЙҲХ ходими Қаҳрамон Худойберганов ва участка нозири ўртасида бўлиб ўтган мулоқотда ҳам акс этган. У ерда кўрсатув ижодкорлари ўз хизмат вазифаларини бажараётган вақтда фуқаролар томонидан ҳужумга учраганини ҳужжатларда расмийлаштирилаётганини кўриш мумкин. Лекин нозир вазиятни тажовузкор фуқаролар томонига юмшатишга уринганини, бу ҳаракатини эса турли асоссиз баҳоналар билан изоҳлашга уринган.
«Суд қарорида воқеа тафсилоти умуман бошқача баён этилган. Яъни қарорнинг баён қисмида фуқаролар Чилонзор тумани ҳудудида бир-бирлари урушиб, жамоат тартибини бузгани аниқланган деб кўрсатилган. Аслида воқеа тафсилоти умуман бошқача бўлган», — дейди телеканал юристи Мирзоҳид Ғаниев.
UzReport телеканали асл тафсилот судга тақдим этилган баённомаларда нега акс этмагани, ишни расмийлаштириб олган участка нозирлари нима сабабдан бу каби иш тутгани, прокуратура, ИИВ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан изоҳ талаб қилган.
Тасодифий хабарлар
Россиянинг учта вилоятида аксилтеррор операцияси режими жорий қилинди
50 минг сўм туфайли юз берган жанжал одам ўлими билан якунланди
Наманганлик отахон тўрт хона уйини маҳаллага ўтказиб берди
ССВ коронавирус бўйича вазият ўзгараётганидан огоҳлантирди
Ўзбекистон БМТда Россияни қўллаб-қувватлади (фото)