Курашда “ғолиб” бўлган йигит ўртоғини мажруҳ қилди

Курашда “ғолиб” бўлган йигит ўртоғини мажруҳ қилди

Муроджон (исм, фамилиялар ўзгартирилган) Наврўз байрами олдидан кеч соат 19.00 ларда синфдош ўртоқлари Омон, Ўлмас ҳамда Мадаминлар билан ўзаро келишиб, маҳалла марказида жойлашган ошхонада яйраб “дам” олишга келишишди. Улар ошхонада овқатланиш давомида уч шиша ароқ спиртли ичимлигини истеъмол қилиб, ширакайф ҳолда тунги соат 22:00 ларда қайтишди.

Барчаси ширакайф эмасми, бир-бирларининг лақаби нима эканликларини, оталарива оналари ким эканликларини “чиройли сўзлар” билан эслаб келишар эди. Бехосдан Омоннинг эсига уч кун муқаддам кимдир кечаси уйининг олдига келиб, уни тинчини бузганлиги эсига тушиб қолди. Бу ишни Муроджон қилган деган шубҳада, унинг бўйнидан қўллари билан ҳазил оҳангида маҳкам сиққанича уйига борганлигини ва тинчини бузганлигининг сабабини сўрайди.

Муроджон бўйнидан маҳкам сиқилганлиги сабабли, Омоннинг юзига қўллари билан чанг солиб, тимдалаб олди.

Бу вақтда улар ўзлари ўқиган мактаб биносининг олдига келиб қолишган эди. Омон Муроджонга, Муроджон эса Омонга ўзаро курашиш таклифини қилишди ва бир-бирларини етаклаб мактаб ёнидаги бедапоя олдига боришди.

Омон бўғинлар шамоллаши касаллиги билан ногиронлик рўйхатида турарди. Буни билган Муроджон Омонга “ўзингга ишонасанми?” дея, унинг ожизлигига шаъма қилди. Бундан жаҳли чиққан Омон “ишонаман, сен ўзингга ишонсанг бўлди”, деб жавоб қайтарди.

Олишувда Омон Муроджонни белидан қучиб олгани ҳамон Муроджон бор оғирлигини Омоннинг устига ташлади. Оёғида базўр турган Омон эса уни кўтаролмади, боши билан худди найза санчилгандек ерга зарб билан йиқилди. Ғалабадан ҳузурланган Муроджон Омоннинг устига ўзини ташлаб, “қалайсан энди, енгилганлигингни тан оларсан”, дея мағрур қичқирди.

- Устимдан тур, оёқларим ишламаяпти, - деб бақирди Омон. Омоннинг бу сўзларини Муроджон дастлаб ҳазил сифатида қабул қилди ва Омонга “энди шу йўлга ўтдингми”, дея киноя қилди. Омон эса ҳақиқатан ҳам қўллари ва оёқлариишламаётганлигини, нима бўлганлигини тушунмаётганлигини айтди.

Шундан сўнг Муроджон ҳушёр тортиб, Омонга “ўртоқ қўрқитма, нима бўлди сенга”, дея унинг оёқларини уқалай бошлади. Шу вақт кўчада “ғолиб”ни кутиб турган ўртоқлари бақириқ овозини эшитишдими, югуриб воқеа жойига келишди. Муроджон Омоннинг оёқларини уқалаётганлигини кўриб, нима бўлганлигини сўраб, улардан бири Омоннинг оёқларини, иккинчиси қўлларини уқалай бошлади.

Шу орада Муроджон тез ёрдамга қўнғироқ қилиб, воқеа жойига келишларини сўради ва тез ёрдам машинасида Омонни шифохонага олиб кетишди. Шифохонада Омон орқа мия ва чаноқ аъзолари фаолиятининг бузилиши билан асоратлашган орқа миянинг бўйин соҳасидан оғир даражали лат олиши ҳамда 6-бўйин умуртқа танасининг ёпиқ парчаланиб синиб чиқиши тан жароҳати олганлигини, энди бутун умр тўшакка михланганлигини билишганида барча “оҳ” тортиб юборди.

Судда Омоннинг отаси Наби ака кўз ёшларини тия олмади ва шундай деди:

- Муроджоннинг отаси менинг ҳам ўртоғим, қўшни яшаймиз, тақдир экан,шифокорлар ўғлимни тузатиб бўлмаслигини айтишмоқда. Ўғлимни ҳар кўрганимда азоб чекаман, аёлимни кўзига қарай олмайман. Келинимни ҳам кўзларида табассум йўқолган, нима қилишни билмайман. Муроджоннинг ҳам оиласи, фарзанди бор, даъво қилсам, яна бир оила азоб чекади. Даъвомдан воз кечаман, фақат бир шартим бор, ҳар куни ўғлимни ҳолидан хабар олсин, ювинтирсин, овқатлантирсин, ҳожатга чиқарсин, бир инсонни қай кўйга солганлигини кўрсин. Ахир ўғлимни касаллигини билар эдику. Виждони бўлса, унга шу энг оғир жазо.

Суд иш ҳужжатларини атрофлича кўриб чиқиб, таҳлил қилиб, кўрсатувларга ҳуқуқий баҳо бериб, Муроджонга ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазо чораси қўллашни лозим топди ва уни қамоқдан озод этди.

Бироқ савол туғилади, спиртли ичкиликнинг нима оқибатларга олиб келишини наҳотки билмаймиз, курашда ким “ғолиб” бўлди? Муроджонми ёки Омонми, уларнинг кейинги тақдири нима бўлади, арзимас ҳазилнинг оқибати нимага олиб келди?

Ғайрат Негматов,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси.

Абдусаттор Абдураззаков,

жиноят ишлари бўйича

Каттақўрғон шаҳар судининг раиси

×