Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда у билан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021—2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури ишлаб чиқилган.
Таъкидлаш жоиз, юртимизда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Унда “коррупция”, “коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар” тушунчалари берилган, “коррупция билан боғлиқ жиноятлар”, “коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик”, “коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни ҳимоя қилиш” каби тушунчалар ишлатилган, лекин амалдаги Жиноят кодексида “коррупцияга оид жиноятлар”га қайси турдаги жиноятлар кириши назарда тутилмаган.
Шу сабабли мазкур қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексининг саккизинчи бўлими “коррупцияга оид жиноятлар” деган янги атама билан тўлдирилиб, 15 турдаги жиноят таркиблари коррупцияга оид жиноятларга киритилмоқда.
Шу билан бир қаторда, коррупцияга оид жиноятлар учун айбдор шахсга нисбатан жазо чораларини янада кучайтириш мақсадида, жиноятлар мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган жиноятлар учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда.
“Пора олиш”, “пора бериш” ва “пора олиш-беришда воситачилик қилиш” қилмишлари учун Жиноят кодексининг тегишли моддаларининг учинчи қисми санкцияси оғирлаштирилиб, 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Статистика бўйича мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2018 йилда 556 млрд, 2019 йилда 1,858 трлн, 2020 йилда 500,1 млрд, 2021 йилнинг 9 ойида 658 млрд сўм моддий зарар етказилган. Мазкур қонун лойиҳаси билан мансабдор шахсларга нисбатан чоралар кучайтирилмоқда. Яъни “Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”, “Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш”, “Ҳокимият ҳаракатсизлиги”, “Мансаб сохтакорлиги” ва “Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги” жиноятлар агар “ғаразгўйлик” ниятида содир этилса, коррупциявий жиноят ҳисобланиши белгиланиб, мазкур ҳаракатлар учун оғирроқ жазолар белгиланяпти.
Шунингдек, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун ҳукм қилинган, бироқ жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга ҳамда порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш татбиқ қилинмаслиги назарда тутилмоқда.
Коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, бундай жиноятларни содир этган шахсларга енгиллаштирувчи нормаларни қўллашни чеклаш мақсадида, жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш муддатлари ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган коррупциявий жиноятлар учун 10 йил, оғир ва ўта оғир коррупциявий жиноятларга нисбатан эса татбиқ этилмайди.
Бир сўз билан айтганда, қонун лойиҳаси мамлакатда коррупциянинг олдини олишга, коррупцияга қўл урган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга, халқаро рейтинг ва индексларда юртимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади.
Тасодифий хабарлар
МИБ ходимлари олдида ўзини ёқиб юборган андижонлик фуқаро касалхонада вафот этди
Блогерлар қарийб 1,7 млн доллар пул ювишда айбланмоқда
«Мақсадим газни сотмай, халқ манфаатлари учун ишлатиш» – Шавкат Мирзиёев
«Наҳот шуни тушуниш учун катта ақл шарт бўлса?!» — Судьялар олий кенгаши масъули Сатторийнинг апелляция суди Самарқанддан Термизга кўчирилиши сабаблари ҳақида
ФВВ зилзилалар бўйича янги мурожаат билан чиқди