Янги штамм нимаси билан хавфли ва дунё бўйлаб қанчалик тез тарқалади?

Янги штамм нимаси билан хавфли ва дунё бўйлаб қанчалик тез тарқалади?

Дунё олимлари, ЖССТ ва турли мамлакат ҳукуматлари коронавируснинг янги штамми пайдо бўлганидан ташвишда. Яқин вақтгача уни юқтириш ҳолатлари Африка жанубида, ЖАР ва Ботсванада қайд этилганди. Бироқ эндиликда Ҳонгконг, Бельгия ва Исроилда ҳам зарарланиш ҳолатлари аниқланди. Мутахассислар янги штаммнинг дунё бўйлаб тез тарқалишидан хавотирланмоқда.

Ҳозирги вақтда коронавируснинг янги варианти билан Жанубий Африканинг Гаутенг провинциясида 77та ва Ботсванада 4та касалланиш ҳолатлари қайд этилган

Ҳонгконгдаги ҳолат касалланган кишининг ЖАРдан учиб келиши билан боғланмоқда. Оролда у яна камида бир кишига вирус юқтирган. Бельгиядаги бир неча кун олдин Мисрдан келган кишида ушбу штамм аниқланди. Исроилдаги ҳолатнинг эҳтимолий сабаблари ҳақида ҳозирча маълум қилинмаган.

Бироқ жанубий африкалик олимлар ўзлари ўтказган тадқиқотлар асосида янги штамм ЖАРнинг деярли барча ҳудудида мавжуд эканини айтишяпти. Янги штамм амалда икки ҳафта ичида «дельта»ни сиқиб чиқаргани ва эндиликда устун мавқени эгаллаган. Тадқиқот натижалари ҳозирча эълон қилинмаган.

Буюк Британия Африканинг олти мамлакати – ЖАР, Ботсвана, Намибия, Лесото, Зимбабве ва Эсватини билан авиақатновларни бекор қилди. Исроил бош вазири Нафтали Беннет 25 ноябрь куни Африканинг кўплаб мамлакатларига парвозлар тақиқланиши ҳақида маълум қилди.

Жума куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги хавфга бағишланган йиғилиш ўтказади. Унда «Альфа», «Бета» ва «Дельта» штаммларига ўхшаб, янги штаммга ҳам грекча ном қўйилиши кутилмоқда. Ҳозирда янги вариант вақтинча B.1.1.529. деб аталяпти.

Олимларнинг сўзларига кўра, янги штамм мутациялари миқдори кишини даҳшатга солади. Коронавируснинг олдинги вариантларидан ҳеч бири бунчалик кучли мутацияга учрамаган.

Ҳозирда энг муҳим савол – бу штамм қанчалик тез тарқалиши борасида.

Янги штамм ҳақида нималар маълум?

Олимларнинг сўзларига кўра, у аввалгиларидан жуда катта фарқ қилади.

«Бу вариант бизни ҳайрон қолдирди. У катта эволюцион ривожланишни амалга оширди ва қарийб 50та мутациядан ўтди», дейди Жанубий Африка Эпидемиологик реакция қилиш ва инновациялар маркази профессори Тулио де Оливейра журналистларга.

50та мутациядан 30тага яқини спайк-оқсил – вирус қобиғидаги тожга ўхшаш тиканларга тегишли. Улар ёрдамида вирус одам ҳужайрасига жойлашади.

Бу янги штаммнинг энг хавотирли ўзига хос жиҳати. Олимларнинг айтишича, вакциналарнинг катта қисми ана шу тиканларни нейтраллаштириш учун ишлайди.

Вируснинг спайк-протеиндан бошқа қисми янги вариантда 10 марта мутацияга учраган. Таққослаш учун, «Дельта» штаммда вируснинг бу сегменти иккита мутацияни амалга оширган.

Олимларнинг сўзларига кўра, мутацияларнинг даражаси иммунитети кучсиз, вирусни енга олмаган бемор танасида қўзғатилган бўлиши мумкин.

B.1.1.529 нимаси билан хавфли бўлиши мумкин?

Мутахассисларнинг фикрича, кучли мутация одам учун хавфли бўлмаса-да, бу вазиятда шуни тушуниш керакки, ҳозирда пайдо бўлган вирус Уҳанда пандемияга олиб келган вирусга қараганда тубдан фарқ қилади.

Демак, ҳозирга қадар яратилган барча вакциналар B.1.1.529 га қарши самарасиз бўлиб чиқиши мумкин.

Хусусан, айрим мутациялар шунга олиб келадики, организмдаги одам антитаналари вирусни аввалгидек осонликча таниб олмайди.

N501Y сифатида танилган мутация эса вирусни янада юқумли қилади. Ҳар бир янги ана шундай ўзгариш билан вирус тарқалиши кўлами ортади.

Олимлар айнан шундан – вирус тарқалишининг янада кенгроқ имкониятларидан хавотирда. Бундан ташқари, янги штамм одам иммун тизимининг яқин вақтгача осон аниқлаш мумкин бўлган айрим соҳаларини алдашни ўрганган.

Эмланиш фоизи юқори бўлган мамлакатларда коронавируснинг янги варианти ўзини қай ҳолатда кўрсатиши аниқ эмас.

У касаллик кечиши борасида «Дельта» штаммидан қанчалик хавфли экани ҳам аниқ эмас.

Ҳозирча лаборатор тадқиқотлар ўтказиляпти. ЖССТ мамлакатлардан эпидемиологик хавфсизлик чораларини кучайтириш ва янги штамм тарқалишига оид статистикани мунтазам тақдим этишни сўраган.

×