Кушербоев ҳайратда! У Ангрен нефть базаси қаердан пайдо бўлиб қолганига қизиқяпти

Кушербоев ҳайратда! У Ангрен нефть базаси қаердан пайдо бўлиб қолганига қизиқяпти

Ангрен нефть базасидан 11,5 минг литр Аи-80 маркали бензин сизиб чиққани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев шу кунгача Ангренда нефть базаси борлиги ҳақида эшитмагани айтиб, расмийларни саволга тутмоқда. У бу ҳақда ўзининг Telegram каналида ёзган. 

“Бироқ биз негадир шу кунгача Ангрен нефт базаси ҳақида эшитмаган эканмиз. Масалан, биз Тошкент вилоятида Ўзбекнефтгазга қарашли Пахта, Кучлук, Чинобод нефть базалари ҳақида биламиз.
Нефть базаси кичкина корхона эмаски, уни кимдир сезмай қолса. Уни барпо этишда қатор талаблар, вақт шу жумладан экологик талаблар ҳам бор. Бироқ Ангрен нефт базаси осмондан тушгандек бўлди”, дейди Кушербоев. 

У сўзида давом этиб, ваколатли идоралардан қуйидаги саволларга жавоб беришлари сўраган: 

•   Ангрен нефть базаси қачон, қайси манбаалар ҳисобига, нима мақсадда ташкил этилган? 

•   Ангрен нефть базаси бугун кимга қарашли? 

•   Ангрен нефть базасидаги АИ-80 бензини биржага сотувга чиқарилганмиди? 

•   Ангрен нефть базасидаги АИ-80 бензини нима мақсадда сақлаб турилганди? 

•   Ангрен нефть базасидан оқиб кетган 11,5 минг литр бензин атроф муҳитга ва табиатга қанча зарар етказди?

“Ангрен нефть базаси воқеаси катта ишларнинг бир учи эканлигини билиб турибмиз. Шу боис, расмий идоралар аниқ жавоб берса, жамоатчиликда шубҳа бўлмайди. Дарвоқе, "Давактив" ҳам ўз йўналишида изоҳ бериши керак. Гап нима ҳақидалигини агентликнинг хушёр раҳбарлари тушуниб туришибди, деган умиддамиз”, деган депутат. 

Эслатиб ўтамиз, Ангрен нефтебазасида авария содир этилганлиги билан боғлиқ тарқалган хабар юзасидан корхона бошлиғи Д.Азимов муносабат билдирди: 

“Жорий йилнинг 10 декабрь куни тахминан соат 20:10 да Ангреннефтебазаси ҳудудида 5000м(куб) ҳажмдаги 20-сонли сиғим (резервуар) сифонининг жўмраги ҳаво ҳарорати пасайиши муносабати билан музлаб ёрилиш юз берган. Натижада сиғимда бўлган Аи-80 бензин ёқилғи маҳсулоти (11 500 литр) тўкилган. Содир бўлган авария ҳолати завод ишчи-ходимлари томонидан шу куннинг ўзида, соат 20:45 да бартараф қилинган. Ҳеч кимга жиддий зарар етказилмаган”. 


×