Тошкентда 678 киши нафас қисиши туфайли “Тез ёрдам”га мурожаат қилди – ССВ

Тошкентда 678 киши нафас қисиши туфайли “Тез ёрдам”га мурожаат қилди – ССВ

Кеча, 4 ноябрь куни “Тез ёрдам” хизматига 4082 та чақириқ бўлган. Шундан 678 таси бевосита нафас сиқиши билан боғлиқ мурожаатлардир. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр Бўрибаевга кўра, ушбу беморларга “тез ёрдам” бригадалари томонидан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, маълум қисми госпитализация қилинган.

Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова бундай вазиятда имкон қадар очиқ ҳавода юрмаслик зарурлигини таъкидлаган.

“Айниқса, бронхиал астма, аллергик ринит, аллергик коньюктивит, томоқ қичишиши билан кузатиладиган йўтал, бронхит, бронхлар гиперреактивлиги ва бошқа нафас йўли сурункали касалликлари бор инсонлар ташқарига чиқмасликлари керак. 

Чунки бундай ҳаво таркибида чанглар билан бирга, ўсимлик чангчалари, замбуруғ споралари жуда катта концентрацияда бўлади. Шу боис хасталиклари бор кишилар шифокор маслаҳати билан аллергияга қарши дори воситалари дозаларини оширишлари лозим”, деган Разикова.

Мутахассисга кўра,ним таъсир қилувчи тузли сув билан томоқ ва бурунларни чайиш, хоналарни ёпиқ сақлаш, хўл сочиқларни хоналарга осиш, каттароқ сиғимли идишларга сув солиб қўйиш зарур. 

Очиқ ҳавода юрганда, албатта, тиббий ниқоб тақиб юриш ва уларни ҳар икки соатда алмаштириш шарт. Ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва ёши катта инсонлар ҳам бундай вазиятда эҳтиёткор бўлишлари тавсия этилади. 

Шунингдек, агар фуқароларда ташқи муҳитдаги чанглар туфайли нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда қичишиш ва қизариш, томоқда кучли қичишиш, кичишиш билан кузатиладиган йўтал белгилари юзага келса, тезда аллерголог шифокорга мурожаат қилишлари эслатилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кучли шамол эсиб, қумли бўронлар ҳосил бўлди. Кўриш даражаси 500-1000 метргача пасайди. Бунинг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 5 баробар ошди. 

Шамол авж олган маҳалда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига ўрнатилган ҳавонинг ифлосланишини аниқлаш мосламаси пойтахт ҳавосини “ўта носоғлом”, деб баҳолади.

×