Контракт миқдори нега оширилди?

Контракт миқдори нега оширилди?

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги янги ўқув йили учун республика ОТМларида бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича тўлов-контракт миқдорлари юзасидан шарҳ берди.

Вазирлик изоҳ беришича, 2020/2021 ўқув йили бошида коронавирус пандемияси даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, хусусан, аҳолининг тўлов қобилияти пасайишини ҳисобга олиб, талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида базавий тўлов-контракт миқдорларига (яъни стипендиясиз суммага) 10 фоиз миқдорда чегирма қилинган эди.

Яъни 2021 йил 1 февралдан иш ҳақи миқдорлари 10 фоизга оширилган бўлса-да, ўқув йили учун чегирма берилган базавий контракт миқдори сақлаб қолинди.

Мисол тариқасида оладиган бўлсак, педагогика, техника, гуманитар фанлар таълим йўналишлари бўйича кундузги шаклда тўлов-контракт миқдори чегирма ҳисобига 5 771 349 сўм этиб белгиланган эди. Аслида эса мазкур йўналишларда контракт миқдори 2020 йил 1 сентябрдан 6 412 610 сўм, 2021 йил 1 мартдан бошлаб эса ўқув йили учун белгиланган миқдорга нисбатан 16 фоиз юқори, яъни 6 733 555 сўм миқдорида бўлиши керак эди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, белгиланган тартибга мувофиқ, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб 2021/22 ўқув йили учун (стипендиясиз) базавий тўлов-контракт миқдорлари таълим йўналишларига қараб 7 759 440 сўмдан 11 869 440 сўмгача белгиланиб, 34,4 фоизга оширилиши лозим эди.

Шунга қарамасдан, Давлат комиссиясининг қабул қилган қарорига асосан, бугунги кунда республикадаги пандемия шароитини инобатга олиб, базавий тўлов-контракт миқдорлари ҳақиқатда ўрнатилиши лозим бўлган миқдорларга нисбатан камайтирилган миқдорларда тасдиқланди, яъни 2021/22 ўқув йилида тўлов-контракт миқдорлари 10 фоиз оширилмаган, балки ўрнатилиши лозим бўлган миқдорга нисбатан 21,1 фоизга кам этиб белгиланган.

Эътиборлиси, бунда коронавирусга қарши ихтиёрий равишда эмланган кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар учун контракт миқдори ўзгаришсиз қолади.

Мисол учун, педагогика, техника, гуманитар йўналишларида ўқиётган талабалар стипендиясиз базавий тўлов-контракт суммаси 10 фоиз миқдорда чегирма бонуси берилгандан сўнг 5 771 349 сўмни ташкил этади.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, бугун белгиланган тўлов-контракт миқдорлари талабани ўқитиш харажатларининг ўртача 68,4 фоизини қоплайди холос.

Расмий баёнотда айтилишича, янги тартибни жорий этишда ҳукуматимиз пандемия шароитида республика аҳолисининг тўлов қобилияти пасайганлигини ҳисобга олиб, фарзанди тўлов-контракт асосида ўқийдиган оилаларга енгиллик яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадларини кўзда тутган.

×