“Толибон”нинг Энергетика ва сув вазири вазифасини бажарувчи Абдул Латиф Мансур Афғонистон қўшни давлатлар билан Амударё сувидан фойдаланиш муаммосини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда TOLONews хабар берди.
“Ўз хавотирини билдирганлар келишув асосида иш кўриши керак, лекин Афғонистоннинг ҳеч ким билан сув бўйича шартномаси йўқ. Биз ҳам бу борада ҳеч қандай келишув ёки шартнома тузмаганмиз. Агар келишув бузилганида, биз албатта бунга чора кўрган бўлардик”, деган “Толибон” вакили.
Аввалроқ, Президент Шавкат Мирзиёев "Қўштепа" канали қурилиши юзасидан ўз хавотирларини билдирган эди. Президент унинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сув балансини тубдан ўзгартириши мумкинлигини айтган.
Шу билан бирга, бир қанча иқтисодчи ва сув хўжалиги мутахассислари ҳам ҳозирги қурғоқчилик инқирози туфайли мамлакатнинг турли ҳудудларида сув тўғонлари қуриш ва сув ресурсларидан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидладилар.
“Биз Амударё сувидан фойдаланишга мутлақо ҳақлимиз. Бу ҳуқуқ халқаро конвенциялар билан Афғонистонга берилган ва давлатимиз Амударё сувининг 27-30 фоизига эгалик қилади”, деган сув хўжалиги эксперти Нажибулла Садид.
“Ҳудудда сув билан боғлиқ низолар бўлиши мумкинлигини кутгандик. Чунки биз минтақадаги сув манбаи бўлиб, бу сувни истеъмол қилмасак ҳам, у бошқа давлатлар томонидан сув ресурси сифатида қаралмоқда”, дейди афғонистонлик иқтисодчи Сайид Мансур.
Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев Душанбеда “Қўштепа” канали масаласини кўтарган эди.
“Ҳурматли делегациялар раҳбарлари, мен ҳам "Қўштепа" канали бўйича ўз қарашларим билан ўртоқлашмоқчиман. Моҳият-эътиборига кўра, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида бизнинг мамлакатларимиз билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди. Шу муносабат билан биз Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қиламиз”, деган эди Ўзбекистон Президенти.
Акобир Сайидов
Тасодифий хабарлар
Миришкор тумани ҳокими ишдан олинди «Бундайларга сафимизда ўрин йўқ» – O'zLiDeP Миришкор ҳокимини лавозимига нолойиқ деб хулоса берди
Бўка тумани аҳолисининг 4,5 мингдан зиёд мурожаати ҳал қилинди
Ўзбекистонда 1 ойда 96 млрд сўмлик энергия ресурслари ўғирланди
Француз журнали Туркиядаги даҳшатли фожиа устидан мазах қилди
Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларида 300 млн сўмга яқин кафолатланмаган хизматлар кўрсатилгани аниқланди