Мирзиёевнинг Туркия сафари бўйича расмий маълумот берилди

Мирзиёевнинг Туркия сафари бўйича расмий маълумот берилди

Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг сафари бўйича расмий маълумот берди. Унга кўра, давлат раҳбари 11-12 ноябрь кунлари Туркия Республикасида ташриф билан бўлади.

Бўлажак олий даражадаги учрашув кун тартибидан Кенгаш доирасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо, инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Саммит якунида ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ва устувор йўналишларда кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши кутилмоқда.

Давлат раҳбари ташрифи дастурида Истанбул шаҳрида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Президентлар Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёев ўртасида кечган телефон орқали мулоқотда ҳам Президентлар Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг кутилаётган саммити хусусида фикр алмашганлар. Шунингдек, жорий йилнинг 5 ноябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва бугун, 8 ноябрь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг қабулида бўлган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Бағдод Амриев Президентлар билан жорий ҳафтада ўтадиган саммит борасида суҳбатлашган. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига 2019 йилнинг сентябрь ойида аъзо бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг октябрь ойида Бакуда бўлиб ўтган саммитда иштирок этди. 

Марказий Осиё минтақасида ҳал қилувчи кучга эга бўлган Ўзбекистоннинг Кенгашга аъзо бўлиши ортидан ташкилотнинг мавқеи ҳам, имкониятлари ҳам ортди. Ўз ўрнида ушбу ҳамкорлик Ўзбекистонга ҳам фойдали бўлиб бормоқда. Буни биргина 2018–2021 йилларда Ўзбекистоннинг Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Венгрия билан товар айирбошлаш ҳажми ошиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. 

2018 йилда Ўзбекистоннинг юқоридаги 6 мамлакат билан товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард 957 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу рақамлари 7 миллиард 353 миллионгача кўтарилди. Пандемия ўзаро товар айирбошлашга анча зарба етказган бўлса ҳам 2020 йилдаги айирбошланган товарларнинг умумий қиймати 6 миллиард 740 миллион 70 минг долларга етган.

2021 йилнинг ўтган 9 ойи давомида эса 6 мамлакат билан товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард 567 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Йил якунигача ушбу рақамлар 8 миллиардга етиши эҳтимоли юқори. 

×