Жарима миқдори тушса, ҳуқуқбузарликлар ортади

Жарима миқдори тушса, ҳуқуқбузарликлар ортади

Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов ИИВ ЙҲХББ билан суҳбатда жарималар миқдорининг тушиши қоидабузарликларнинг кўпайишига олиб келишини маълум қилди.

«Ривожланган мамлакатларда тартиб-интизомни қарасангиз, масалан, кун бўйи йўлларда машина ҳайдаб бунчалик хавф-хатар сезмайсиз. Биз ҳам юртимизда ривожланган мамлакатлардаги каби тартиб-интизом бўлишини, ҳар сафар бирор саҳифа очганда йўл-транспорт ҳодисаси бўлди деганда юрагимизни ҳовучламасликни хоҳлаймиз. Ҳамманинг маданияти ўшанга етгунича ҳайдаймиз, дейдиган бўлсак, балки у ерларда ҳам қоидабузарликлар кўп бўлган бўлармиди?

Лекин жарималар оғир. Ўйлайманки, одамзодни барибир тартибга соладиган нарса — бу жарима. Жарима — қоидабузарликларга қарши энг яхши қурол. Бу жарима солиқ эмас, у ҳаммага қўйилмайди. Ижтимоий тармоқларда кўраманки, ҳамма буни халққа қарши чорадек талқин қилишади. Йўқ, бу жарималар халқни ўша қоидабузарлардан ҳимоя қилиш қуроли… Жарималар катта деймиз, қоидани бузманг. Жаримани пасайтириш, ҳуқуқбузарликни кўтариш дегани, худди бозордаги талаб ва таклиф каби. Масалан, бирор маҳсулот нархи ошса, одамлар камроқ истеъмол қилади, тушса, кўпроқ. Жарима арзонлашса, демак, ҳуқуқбузарликни кўпроқ истеъмол қиламиз», — дейди Зафар Ҳошимов.

Аввалроқ Андижонда 2021 йилнинг ўтган 6 ойида содир бўлган ЙТҲлар оқибатида 49 киши, Жиззахда ўтган етти ой ичида содир бўлган ЙТҲлар оқибатида 74 киши, Фарғонада ўтган етти ой ичида велосипедчилар билан содир бўлган ЙТҲлар оқибатида 29 киши вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.


×