ММА жангчиси Акмал Ҳожиев АҚШда шифокорни ўлдириб қўйди

ММА жангчиси Акмал Ҳожиев АҚШда шифокорни ўлдириб қўйди

АҚШ полицияси шифокорни ўлдиришда гумонланаётган аралаш жанг санъати (ММА) бўйича россиялик жангчи Акмал Ҳожиевни ҳибсга олди. Бу ҳақда “Интерфакс” ёзмоқда.

Тергов шуни кўрсатдики, ҳодиса коронавирусга қарши эмлаш зарурати бўйича келишмовчиликлар туфайли содир бўлган. Кўтарилган баҳс охир-оқибат эмлашга қарши бўлган Ҳожиевнинг тажовузкор ҳаракатларига олиб келган.

Қайд этилишича, жангчи ва шифокор Миран Рибати ўртасида дўстона муносабат бўлган, улар бир спорт залида шуғулланган. Қотиллик Ҳожиевнинг уйида содир бўлган, бунга спортчининг онаси ва синглиси гувоҳ бўлган.

ОАВ маълумотларига кўра, Ҳожиев шифокорга орқадан ҳужум қилиб, уни бўға бошлаган. Жангчи Рибатини полга йиқитиб, уни ҳаракатсизлантирган. Гувоҳлар полицияга қўнғироқ қилиб, Ҳожиевни тўхтатмоқчи бўлган. Кейин спортчи ўрнидан туриб ошхонага кирган ва у ерда тушликдан кейин қолган суякни олган. У бу суяк билан шифокорни бир неча марта урган.

Гувоҳнинг сўзларига кўра, бир вақт Рибати ўрнидан туришга муваффақ бўлган ва яширинишга уринган. Бироқ, Ҳожиев унга етиб олиб, пичоқ билан урган.

Воқеа жойига етиб келган полициячилар спортчини Рибатининг жасади ёнидан топган. Жангчи қилган ишини дарҳол тан олган.

MMA Junkie’нинг қайд этишича, Ҳожиев 1 миллион доллар гаров эвазига озод этилиши мумкин.

Маълумот ўрнида, 27 ёшли Ҳожиев ММА бўйича профессионал жангларда тўртта жанг ўтказиб, учтасида ғалаба қозонган.

×