Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ер майдонларидан самарали ва оқилона фойдаланишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда бу борада бир қатор қонун хужжатлари қабул қилинди. Экин майдонлари самарадорлигини оширишда замонавий технологияларни қуллашга катта эътибор қаратилмоқда. Пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш, улар ўрнида юқори даромадли, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга муҳим вазифа сифатида қаралмоқда. 2019 йилда 48 минг гектар яроқсиз ер майдонларидан унумли фойдаланилди.
Лекин экин ерлардан фойдаланишда айрим камчиликлар ва нуқсонлар мавжуд. Ерга талаб кескин ортиб бораётган даврда ҳар бир қарич ер узининг ҳақиқий эгасига топширилиши лозим. Бу борада бизнинг туманда ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Наманган вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар бошқармаси ва вилоят солиқ бошқармаларининг 2019 йил 13 декабрдаги “Вилоятда қишлоқ хўжалиги, айниқса суғориладиган экин ерларини мухофаза қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланишини таъминлаш чора-тадбирлари хақида”ги қўшма фармойишига асосан ўтказилган мониторингда туманда 40 нафар фермер хўжаликлари томонидан 305 гектар ер майдонлари бошқа мақсадларда фойдаланиб келаётганлиги аниқланган.
Аксарият фермерлар ғаллачилик йўналишига ихтисослаштирилган бўлиб, мазкур ер майдонларида хўжалик раҳбарлари томонидан тегишли рухсатнома олмаган ҳолда, ўзбошимчалик билан боғзор барпо этиб, ер майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланиб келаётганликлари аниқланган.
Шу боис, Янгиқўрғон туман хокимлиги иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат этиб, бир қатор фермер хўжаликларига нисбатан, фермер хўжаликлари томонидан ўзбошимчалик билан барпо этилган боғзорларни мажбурий тартибда буздириш мажбуриятини юқлашни сўраган.
Ишга (мутахассис) сифатида жалб этилган Янгиқўрғон туман ер ресурлари ва давлат кадастри бўлими ҳамда Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари даъвони қўллаб ҳақиқатдан ҳам низоли ер майдонлари ўрганилганлигини, ўрганишда хўжаликларга тегишли ер майдонига боғ ташкил этиш учун туман ҳокимининг қарори вилоят ҳокимининг қарори билан тасдиқлангандан сўнг ушбу ерларга кадастр хужжатлари тайёрланиши лозимлигини, ушбу ҳолатда ер майдони тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигини, хўжалик ўзбошимчалик билан ноқонуний боғзор барпо этганликларини билдиришган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2004 йил 12 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида қонунийликни таъминлаш ва ердан фойдаланишдаги суиистеъмолчиликларнинг олдини олишда иқтисодий судларнинг ролини ошириш тўғрисида” ги 115-сонли қарорининг 11-бандига мувофиқ, махаллий давлат ҳокимияти органларининг фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси ажратиш тўғрисидаги қарорининг ўзигина ер участкасига бўлган ҳуқуқни вужудга келтирмайди. Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси (бундан буён матнда Ер кодекси деб юритилади)нинг 31-моддасига мувофиқ, юридик ва жисоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари(чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.
Ер кодексининг 45-моддаси биринчи ва учинчи қисмига кўра, кадастр баҳоланишига кўра ўртача туман бонитет баллидан 20 фоизидан кўп бўлган суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган ерлар жумласига киради, алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган қишлоқ хўжалик ерларини корхоналар, бинолар ва иншоотлар қурилиши учун беришга алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг қарорига биноан йўл қўйилади.
Иқтисодий ишни кўриш жараёнида фермер хўжаликлари хеч қандай хуқуқий хужжатларсиз ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олинмаган ҳолатда ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда боғзор ташкил қилиб олганликлари аниқланган.
Ер кодексининг 91-моддаси мувофиқ, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.
Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ижарачига ёки ер участкаси мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.
Суд, ўзбошимчалик билан барпо этилган боғзорни фермер хўжалиги ҳисобидан мажбурий тартибда буздириш мажбуриятини юқлаш тўғрисидаги даъвони асосли деб топиб, даъвони қаноатлантирган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 84-моддасига биноан ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни мухофаза қилиш устидан давлат назоратини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек махсус ваколатга эга бўлган давлат органлари амалга оширадилар.
Ушбу кодексининг 85-моддасига кўра, ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни мухофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи давлат органлари ўз ваколатлари доирасида ер тўғрисидаги қонун хужжатларини бузганлик учун ер участкаларини олиб қўйиш, шу жумладан ерларни ижарага бериш шартномаларини муддатидан олдин бекор қилиш ҳақидаги, шунингдек ерлардан фойдаланишни чеклаш ва тўхтатиб қўйишга доир материалларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга.
Шунга қарамасдан, туман ер ресурлари ва давлат кадастри бўлими мутасадди ходимлари ўзларига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаганлари, қишлоқ хўжилиги фойдаланувида бўлган ер майдонларидан хўжасизларча фойдаланишига эътиборсизлик билан қараганлари натижасида юқоридаги каби салбий холатлар келиб чиққани кўринади.
Суд аниқланган ҳолатлар юзасидан қонун ҳужжатлари бузилишига барҳам бериш ва кейинчалик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида хусусий ажрим чиқариб, тегишли чора-тадбирлар кўриш учун Наманган вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига ижро этиш учун юборган.
Юқоридаги холатлардан келиб чиқиб, хулоса қилиб айтсак аҳоли сони тобора ошиб бораётганда, она заминимиз ер майдонларини асраб-авайлаб келажак авлодларга етказишимиз зарурлигини ҳар биримиз чуқур англаб, давлатимиз равнақи йўлида ердан ер майдонларидан оқилона ва мақсадли фойдаланишимиз зарур.
Наманган вилоят иқтисодий ишлар бўйича судьяси:
Раънохон Мамажонова
Тасодифий хабарлар
WP: Марказий Осиё Россиядан ўрнак олиб, ижтимоий тармоқларни “бўғмоқчи”
Нориндаги фермер хўжалиги дала шийпонидан 8 яшар боланинг мурдаси топилди
Украинада Ўзбекистон фуқароси банкни портлатиб юбориш билан таҳдид қилгани айтилмоқда
“Шаҳарлар қулайлиги” индексини жорий қилиш концепцияси ишлаб чиқилади
АОКАдан огоҳлантириш: энди қонунларни бузган ОАВ жазоланади