211 нафар фуқарони Кореяга ишга жўнатаман деб алдаган хусусий бандлик агентлиги ёпилди

211 нафар фуқарони Кореяга ишга жўнатаман деб алдаган хусусий бандлик агентлиги ёпилди

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Navoiy xususiy bandlik agentligi” МЧЖга 2019 йил 14 февралда берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этувчи 0039-сонли лицензия тўхтатганлигини маълум қилди.

Аниқланишича, “Navoiy xususiy bandlik agentligi” МЧЖ мансабдор шахслари хорижда ишга жойлашиш истагида агентликка мурожаат қилган жами 211 нафар фуқарони Жанубий Корея Республикасида малака талаб қилинмайдиган бўш иш ўринларига ишга юбориш, уларга 2 минг АҚШ доллари миқдорида ойлик иш ҳақи берилишига ишонтириб, фирибгарлик йўли билан уларнинг ҳар биридан 3 млн. сўмдан жами 633 млн. сўм олиб, пул маблағларини ўзлаштирган ва белгиланган муддатда фуқароларни ишга юбормаган.

Шунга кўра, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомининг 45 ва 46-бандларига мувофиқ, “Navoiy xususiy bandlik agentligi” МЧЖ лицензиясини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Корея Республикасидаги вақтинчалик меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш икки давлат Меҳнат вазирлиги томонидан имзоланган Англашув меморандуми асосида амалга оширилади. Унга кўра, Е9 виза билан фуқароларни Корея Республикасига ишга жойлаштириш ваколати фақатгина Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги зиммасига юклатилган. Корея Республикасида ишга жойлаштириш хусусий бандлик агентликлари ваколатига кирмайди.

×