Алимент тўламагани учун маъмурий қамоқ тайинланди...

Алимент тўламагани учун маъмурий қамоқ тайинланди...

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканлиги қайд этилган. Бугунги кунда энг долзарб ва муаммоли масалалардан бири ота-онанинг вояга етмаган фарзандлари учун алимент тўловини ўз вақтида бажармаслиги ёки бажаришдан бўйин товлаши ҳисобланади. Ота-оналар боладан алоҳида яшаган тақдирда боланинг тарбияси ва унинг таъминоти масалалари муҳим аҳамиятга эгадир. Оила кодекси оилани мустаҳкамлаш ва вояга етмаган болалар манфаатларини қўриқлашнинг устунлиги тамойилини назарда тутади ва бошқа турдаги оилавий муносабатлар қатори алимент ундириш масаласини ҳам тартибга солади ва болаларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенглигини белгилаб беради.

Вояга етмаган болаларга алимент таъминотини ундириш зарурати туғилганда, энг аввало, мазкур масала қонун ҳужжатлари билан қандай тартибга солинганлигини билиш керак. Алимент ота-онадан алимент келишуви тузиш орқали ихтиёрий ёки суд буйруғи ёхуд суднинг ҳал қилув қарори асосида мажбурий ундирилади. Ота-она алимент тўлаш борасида ўзаро келишувга эришмаган тақдирда ота ёки она алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Оила кодексининг
96-моддасига биноан вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан алимент ундирилади.

Суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаган ота-оналарга нисбатан қонунчиликда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган. “Маъмурий жавобгарлик тґўғрисида”ги кодеснинг
474-моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки мехнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жихатлдан таъминлаш учун суднинг хал қилув қарорига асосан ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик – ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоқа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга нисбатан базавий хисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган.

Шу ўринда бир амалий мисолга эътибор қаратсак, Ҳуқуқбузар М.Максумов Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2019 йил 15 августдаги суд буйруғига асосан моддий ёрдамга мухтож бўлган вояга етмаган фарзандлари З.Мурадова, О.Мурадова, М.Мурадова ва Б.Мурадовларнинг  таъминоти учун вояга етгунига қадар ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадининг 1/2 қисми миқдорида алимент тўлаши кўрсатилган бўлсада, жами 21 ойдан ортиқ вақт мобайнида бўйин товлаб, уни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган алимент пулларини 2021 йил май ҳолатига 21 ой давомида жами 30.474.428 сўм миқдоридаги алимент пулларини тўламасдан келаётганлиги аниқланган.

Алементдан бўлган қарздорликни ундириш имкони бўлмаганлиги сабабли Мажбурий ижро буюроси қарздорликни икки ой давомида тўламаганлиги учун тегишли маъмурий чора кўриш учун судга тақдимнома киритган.

Жиноят ишлари бўйича Намаган шаҳар суди томонидан ушбу жиноят иши атрофлича кўриб чиқилиб М.Максимовга қонунда белгиланган тартибда 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан моддий ёрдамга мухтож бўлган вояга етмаган ёки мехнатга лақатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жихатдан таъминлаш учун суднинг хал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бґлса – икки йилгача ахлох тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.

Мухтасар қилиб айтганда, алиментни ихтиёрий тўлаш учун икки томоннинг ўзаро келишуви она-она учун хам, вояга етмаган фарзандларнинг манфаатлари учун хам энг қулай ва осон ечимдир. Чунки ота-она алимент тўлаш борасида ўзаро келишувга эришган тақдирда ўзларининг ортиқча вақтлари ва ҳаражатларини тежаш имконига эга бўлади.

Даврон Олимов
ЖИБ Наманган шаҳар судининг судьяси

×