Ўзбекистон сўнгги 10 йилдаги зилзилалардан 84 млрд сўм зарар кўрган. Қурбонлар ҳам бўлган

Ўзбекистон сўнгги 10 йилдаги зилзилалардан 84 млрд сўм зарар кўрган. Қурбонлар ҳам бўлган

Сўнгги 10 йил мобайнида республикада жами олти маротаба 6 - 8 балли зилзилалар содир бўлган, натижада қурбонлар сони 16 кишини, жабрланганлар сони 54 кишини, иқтисодий зарар эса 84 млрд сўмни ташкил этган.

Бу ҳақда бугун бўлиб ўтган ФВВ, Қурилиш вазирлиги ҳамда ЎзФА Сейсмология институти вакиллари иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, улардан энг йириклари – 2011 йилдаги Кон зилзиласи (8 балл), 2013 йилдаги Туябуғиз (7 балл) ва Маржонбулоқ (8 балл) зилзилалари, 2016-2017 йиллардаги Китоб ва Бахмал зилзилалари (7 балл) ҳамда 2022 йилдаги Бойсун зилзиласи (6 балл) ҳисобланади.

Матбуот анжуманида билдирилишича, Ўзбекистон геологик жойлашувига кўра, Ўртаер денгизи - Осиё сейсмик камарида жойлашган. Шу боисдан, республикамиз ва унга чегарадош ҳудудларда тез-тез зилзилалар содир бўлиб туриши табиий ҳол саналади. Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз ҳудудларида 1900 йилдан шу кунга қадар 60 дан ортиқ кучли ва ҳалокатли (магнитудаси 5 дан юқори бўлган) зилзилалар содир бўлган.

Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази томонидан Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда 2023 йил 1 январдан бугунги кунгача магнитудаси (М= 2.8-6.8) бўлган 250 дан ортиқ зилзила қайд этилди.

Таъкидланишича, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси институти, ҳудудий Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув марказлари томонидан мунтазам равишда аҳоли ва мутахассислар ўртасида зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиш бўйича тушунтиришлар бериб келинади.


Теглар:
×