Адлия вазирлиги томонидан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммолар таҳлил қилиниб, уларнинг олдини олиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди.
1. Қонунчиликда “таъқиб этиш” (stalking), яъни қизларни, аёлларни орқасидан кузатиб юриш тушунчаси киритилмаганлиги, ушбу ҳолатдан ҳимояланиш механизмлари ҳам мавжуд эмаслигини англатади.
Бу ҳолат арзимасдек туйулиши мумкин, аммо таъқиб қилиш оқибатида хотин-қизларда кучли руҳий тушкунлик, қўрқув, ҳимоясиз шахсдек ўзини ҳис қилиш, одамларга қўшилмаслик каби ҳиссиётларни келтириб чиқаради.
Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонунчиликка “таъқиб этиш” (stalking) тушунчасини киритиш ҳамда таъқиб остида қолган хотин-қизларга ҳам ҳимоя ордери бериш тизимини жорий этиш керак.
2. Қонунчиликда иш ва ўқиш давомида тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар иш берувчисининг ёки таълим муассасаси раҳбарининг жавобгарлиги белгиланмаган.
Иш ёки ўқишда тазйиққа учраган аёллар ва зўравонлик қилган шахс ўртасидаги муносабатларни чеклаш тартибининг йўқлиги такроран зўравонлик, тазйиқ содир этилишига сабаб бўлади.
Шуни инобатга олган ҳолда иш ёки ўқишдаги зўравонликларга чек қўйиш учун жабрланувчи ва тазйиқ ўтказган шахс ўртасидаги ҳар қандай алоқаларни чеклаш лозим.
Бунда иш берувчилар зиммасига зўравонлар ва жабрланувчининг ҳар қандай ўзаро муносабатга киришишига чеклов ўрнатиш мажбуриятини юклаш керак.
3. Хотин-қизларнинг турли кўринишдаги расмлари, видеоларини тарқатиш орқали уларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини, айниқса интим ҳаёт дахсизлигини бузиш ҳолатлари коъплаб учрамоқда.
Бу ҳолатлар келгусида уларнинг ҳаётини тубдан ўзгартириб, оилавий муносабатларнинг бузилишига, жамиятдан ажралиб нотўғри йўлларга кириб кетишига сабаб бўлмоқда. Амалдаги жавобгарлик чоралари аёлларни бундай ҳаракатлардан тўлақонли ҳимоя қилиш имконини бермаяпти.
Аёлларнинг шахсий ҳаётига турли “тажовуз”ларнинг олдини олиш мақсадида, шахсий ҳаёт дахлсизлигини тўлиқ кафолатлаган ҳолда, уларнинг интим ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун алоҳида жавобгарликни белгилаш зарур.
4. Бугунги кунга қадар зўравонликка учраган қарийб 36 мингга яқин аёлга ҳимоя ордери берилган, бу дегани 36 минг аёлга ёрдам керак.
Бироқ ҳозирда бутун республикада Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича марказлари атиги 29 та, бу марказлар зўравонликка учраётган аёлларни тўлиқ қамраб олиш имкониятини бермайди.
Аёлларга ёрдам кўрсатиш институтларини кўпайтиришга хусусий тадбиркорларни жалб қилиш керак. Бунда тадбиркорларга турли йўналишларда, масалан, ер ажратишда, давлат бино ва иншоотларидан фойдаланишда, солиқ, давлат грантлари, субсидиялар, ижтимоий буюртмаларда имтиёзлар бериш самара беради.
5. Аёлларга турли гап-сўзлар “отиш”, уларга нисбатан турли изоҳларни айтиш, уларнинг қадди-қоматини баланд овозда тасвирлаш, қиёслаш... бу ҳолат барчамиз учун оддий ҳолга айланиб қолгандек. Аслида, бу каби ҳаракатлар аёлларнинг эркин ҳаракатланишини чегаралайди, айрим ҳолларда руҳий тушкунлик, соғлиққа ҳам зарар етказади.
Шу сабабли, аёлларга нафсониятга тегиши мумкин бўлган гап-сўзларни айтишни тақиқлаш ва ушбу ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик чорасини белгилаш, шу билан бирга аёлларга шикаст етказиш ҳолати учун жавобгарлик чораларини кучайтириш лозим.
Тасодифий хабарлар
НАМАНГАНДА ХАЛҚАРО «ГУЛ БАЙРАМИ» ҚАЧОН ЎТКАЗИЛАДИ?!
Қозоғистондаги авиаҳалокат қурбонлари орасида ўзбекистонликлар борми?
«Ўзгидромет» об-ҳаво бўйича шошилинч хабар эълон қилди
Оғир вазиятни «айти» кўмагида ўзгартира олган йигит ҳикояси
Биржада бензин 15 фоизга арзонлашди